Суперлигани "Шерлар" ишончли ва йирик ҳисобдаги ютуқ билан бошлашди.
Максим Шацких мазкур ўйинда уч марказий ҳимоячини майдонга туширди. Асқаров, Абдумажидов ва Ортиқбоев учликни ташкил қилди. Қанотларда Саитов ва Адҳамзода, марказий ярим ҳимояда Собирхўжаев ҳамда Холматов ҳаракат қилди. Ҳужумдаги триони Ҳамдамов, Холдорхонов ва Черан ташкил этди. 3-дақиқада баҳсда ҳисоб очилди. Рақиб посбони хатосидан кейин тўпни эгаллаган Холдорхонов уни Черанга етказиб берди. Драган яқин масофадан ўнг оёғида дарвозани ишғол қилди - 0:1.
Бўлим ўрталаригача Черан ва Холматовнинг уринишлари ноаниқ чиқди. Диёр зарба беришга чоғланган вазиятда тўп майдон сабабли йўналишини ўзгартирди. Бўлим якунида термизликлар икки кескин ҳолатни юзага келтиришди. Нимели ва Пирмуҳаммедовнинг уринишларини Павлюченко бартараф қилди.
Иккинчи бўлим бошидан яна ташаббусга эришган "Шерлар" кетма-кет голли имкониятлар яратишди. Собирхўжаев ва Адҳамзоданинг зарбаларини Потапов қийинчилик билан қайтарди. 51-дақиқада Черан оширган тўпни Ҳамдамов яқин масофадан дарвозага тўғрилаб қўйди - 0:2.
Кейин Ҳошимов ва Абдураҳмоновнинг аниқ уринишларидан сўнг Павлюченко маҳорат кўрсатди. 70-дақиқада Черан дублини нишонлади. Ҳамдамов билан "девор" услубида ўйнаган Драган узоқ бурчакка аниқ зарба йўллади - 0:3. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади ва "Пахтакор" мавсумни ажойиб ютуқ билан бошлади.
"СУРХОН" - "ПАХТАКОР" - 0:3 (0:1)
4 март. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 689 томошабин.
Ҳакамлар: А.Худойберганов, Ҳ.Шодмонов, Ш.Раҳматов, С.Абдураҳмонов.
ВАР: Ф,Норсафаров.
АВАР: Б.Шавкатов.
Назоратчи: М,Исмоилов.
Комиссар: Д,Иброҳимов.
"Сурхон": Потапов, Асқаров, Ҳамиджонов, Пирмуҳаммадов (Жумаев, 71), Турсунов, Ҳошимов, Плетнев (Каримов, 81), Рамазонов (Шербўтаев, 71), Абдусаломов (Саидазимов, 71), Нимели (Абдураҳмонов, 58), Султонмуродов.
"Пахтакор": Павлюченко, Саитов, Абдумажидов, Асқаров (Тодоров, 58), Адҳамзода, Ортиқбоев, Собирхўжаев, Холматов (Саиднуруллаев, 80), Ҳамдамов (Усмонов, 80), Холдорхонов (Абдуманнопов, 71), Черан.
Голлар: Черан, 3 - 0:1. Ҳамдамов, 52 - 0:2. Черан, 70 - 0:3.
Огоҳлантиришлар: Ҳошимов, 46. Ҳамиджонов, 55. Адҳамзода, 86.