Стадион

"Пахтакор" Марказий стадиони

Қурилиш даври: 1954-1956

Очилган йили: 1956
Таъмирдан чиқарилган муддати: 1996, 2008
Чими: табиий
Меъмор: Митхат Булатов
Сиғими: 34000
 
"Пахтакор" Марказий стадиони 1956 йилда қуриб битирилган 1996 йил қайта таъмирланган. Дастлаб "Пахтакор" стадиони 55 минг томошабинга мўлжалланганди. 2008 йил стадион тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилди. Замонавий ўриндиқлар ўрнатилиб, ВИП ложаси қайтадан қурилди. Футболчилар, ҳакамлар ва мухлисларга имкон қадар яхши шароитлар муҳайё этилди. Стадион сиғими эса 34 мингга туширилди. Ўйин давомида ишқибозлар хавфли вазиятларни замонавий табло ёрдамида томоша қилиб боришлари мумкин.

"Пахтакор" стадиони 1954-1956 йиллар оралиғида Тошкент марказида ҳашар йўли билан қурилган. 11 август куни Анҳор ёқасида қад кўтарган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган ва унга республикамизнинг етакчи жамоаси каби "Пахтакор" деб ном берилган. Ўйингоҳ ўз бағрига 50 мингдан зиёд томошабинни тўплаб, туғилган кунини нишонлаган.

Янги стадионда биринчи учрашув 1956 йилнинг 20 августида бўлиб ўтган. 35 минг мухлис тошкентлик футболчиларнинг тбилисилик рақиблари билан баҳсини мириқиб кузатган. 19 сентябрда эса "Пахтакор" марказий аренаси дастлабки халқаро учрашувга мезбонлик қилган. Пахтакорчилар Албания пойтахти Тирананинг "Динамо" жамоаси билан куч синашиб, зафар қучишган.

ХХI аср аввалида клубда амалга оширилган ислоҳотлар марказий стадионга ҳам таъсир ўтказди. Ярим аср мобайнида спорт аҳлига астойдил хизмат кўрсатган арена  янгидан қурилди. Клуб раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан 2007 йилнинг июлидан капитал қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилиб, 2008 йил якунида қурилиш ишлари якунига етказилди.