2024 йилги мавсумни Суперлигада 16 карра чемпион саналган "Пахтакор" Тошкентда "Сурхон"га қарши ўтадиган ўйин билан бошлайди.
"Сурхон" уй стадиони тайёр эмаслиги сабабли беллашув "Пахтакор" стадионида ўтказилади ва унда Термиз клуби мезбон сифатида майдонга тушади.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатлар доирасида 34 баҳсда тўқнаш келишган. Уларнинг 26тасида "Пахтакор", 5тасида "Сурхон" зафар қучган. Уч марта дуранг натижа қайд этилган. Рақиб дарвозасини 107 марта ишғол қилган "Шерлар" 30 тўп ўтказиб юборишган. Меҳмондаги ўйинларда 11 ғалаба, 5 мағлубият ва бир дурангга эгамиз. Голлар нисбати 38га 19ни ташкил қилади. Жами 15 ғалаба йирик ҳисобларда қўлга киритилган. Энг йирик натижа - 8:0 бўлиб, 2004 йилги мавсумда кузатилган.
"Сурхон" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги учрашув 4 март, душанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:30да старт олади.