"Шерлар" Суперлига 13-турида Тошкент дербисида "Бунёдкор"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Футболчилар терма жамоалар йиғинидан қайтгани сабабли таркибда ўзгаришлар рўй берди. Ҳамралиев ўрнида Ҳамробеков ўйнаган бўлса, Одилнинг марказдаги ўрнида Холматов ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда мезбонларнинг икки қарши ҳужуми хавфли чиқди. 11-дақиқада Абдуманнопов икки футболчимизни алдаб ўтиб, тўпни узатди ва Иззатов дарвозани ишғол қилди. Бўлим ўрталарида Абдуманноповнинг яқин масофадан зарбаси ноаниқ чиқди. Жамоамиз тўпни назорат қилди. Сайфиев, Файзуллаев ва Турғунбоевнинг уринишларига аниқлик етмади.
Иккинчи бўлимда рақибни янада босимда қолдирган "Шерлар" кўплаб голли вазиятлар яратишди. Ҳисоб тенглашгунга қадар Турғунбоев, Файзуллаев ва Чераннинг боши билан йўллаган аниқ зарбаларини рақиб посбони қайтарди. Бир ҳолатда тўп устунга тегиб қайтди. 72-дақиқада Собирхўжаев-Файзуллаев-Алижонов ижросидаги ҳужумни Ҳожиакбар самарали тугатди. У яккама-якка вазиятдан унумли фойдаланди - 1:1. Ғалаба умидида олдинга боришда давом этган "Пахтакор" яна ҳужумлар уюштирди. Турғунбоев ва Собирхўжаев қулай имкониятлардан фойдалана олишмади. Қўшиб берилган 6-дақиқада Саитов узатган тўпни Черан дарвозага тепишга интилди, дарвозабон қайтарган тўпни захирадан туширилган Холдорхонов дарвозага йўллади - 1:2!!! Шу тариқа дербида муҳим ғалабага эришга жамоамиз якка пкшқадамга айланди.
"БУНЁДКОР" - "ПАХТАКОР" - 1:2 (1:0)
25 июнь. Тошкент. "Бунёдкор" стадиони.
Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов, А.Маражабов, З.Абдураҳмонов, И.Исмоилов.
Назоратчи: Б.Ҳайдаров.
Комиссар: В.Назаров.
"Бунёдкор": Султонов, Носко, Маҳаммаджонов, Эргашев, Ўлмасалиев, Исматуллаев, Йўлдошев (Тўрақулов, 66), Исмоналиев (Қаҳрамонов, 86), Абдуманнопов (У.Султонов, 66), Иззатов (Ҳакимов, 80), Ўрозов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Турсунов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Холматов, Ҳамдамов (Саитов, 62), Турғунбоев (Холдорхонов, 87), Файзуллаев, Черан.
Голлар: Иззатов, 11 - 1:0. Алижонов, 72 - 1:1. Холдорхонов, 90+6 - 1:2.