"Пахтакор" Суперлига 4-турида Драган Чераннинг бенефисига айланган баҳсда "Металлург"дан 3:1 ҳисобида устун келди.
Терма жамоалардаги футболчилар клуб ихтиёрига қайтгани сабабли бу сафар захира ҳам тўлиқ ва кучли кўриниш ҳосил қилди. Сайфиев, Ҳамробеков ва Банашак жароҳат сабабли ўйинни ўтказиб юборишди. Яқинда ёшлар термаси билан Осиё чемпионига айланган Файзуллаев асосий таркибда, Асқаров ва Холдорхонов эса захирадан майдонга тушишди. Биринчи бўлимда тўп назоратида устунликка эга бўлган жамоамиз дарвозага охирги зарбани йўллашда муаммога дуч келди. Бир неча яхши ҳужумлар зарба билан якунланмади. Бўлим охирларида жарима зарбасини комбинация орқали ижро этган "Пахтакор" пенальти ишлади. Бу ҳолатда Турғунбоевга нисбатан дарвозабон қўполлик ишлатди. Ундан Черан унумли фойдаланди - 0:1.
Иккинчи бўлимда хотиржамлик билан ўйин суръатини назорат қилган жамоамиз яна Чераннинг голи эвазига фарқни оширди. Ҳамдамовнинг фаоллиги туфайли тўпни эгаллаган Собирхўжаев уни жарима майдонида турган Черанга аниқ узатди. Драган эса бир уринишда тўпни дарвозага йўллади. 80-дақиқада Черан хет-трикка эришди. Собирхўжаевнинг узатмасидан сўнг мезбонлар ҳимоячиси тўпни қўли билан ўйнагани сабабли белгиланган пенальтидан сербиялик футболчи аниқ фойдаланди. Бекободликлар бунга Ғофуровнинг 11 метрлик жарима зарбасидан киритган тўпи билан жавоб қайтаришди.
"МЕТАЛЛУРГ" - "ПАХТАКОР" - 1:3 (0:1)
2 апрель. Бекобод. "Металлург" стадиони. 5201 томошабин.
Ҳакамлар: Ф.Норсафаров, М.Турдиев, Ф.Достонов, И.Исмоилов.
ВАР: А.Рисқуллаев.
АВАР: А.Цапенко.
Назоратчи: Д.Роман.
Комиссар: С.Шохруҳ.
"Металлург": Ортиқов, Палич, Сатторов, Ўринбоев (Ғофуров, 80), Абдуманнопов, Тошқўзиев, Касминин, Маназаров, Ғофурбеков (Пўлатов, 90+1), Неъматжонов (Тоиров, 80), Алиқулов (Йосович, 84).
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов (Саидов, 77), Азмиддинов, Турсунов, Ҳамралиев, Папава (Асқаров, 84), Собирхўжаев (Холматов, 87), Ҳамдамов (Холдорхонов, 84), Файзуллаев, Турғунбоев, Черан (Турдимуродов, 87).
Голлар: Черан, 41-пен - 0:1. Черан, 69 - 0:2. Черан, 80-пен - 0:3. Ғофуров, 85-пен - 1:3.
Огоҳлантиришлар: Шацких, 28. Тошқўзиев, 51. Папава, 68. Асқаров, 86.