Суперлига 3-турида жамоамиз мавсумдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди.
Мазкур ўйинда Шацких асосий таркибда баъзи ўзгаришларни амалга оширди. Холматов ва Ҳамралиев илк бор ўйинни дастлабки дақиқалардан бошлашди. Уч марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилган "Шерлар" 2-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Алижонов ўнг қанотда рақибларни алдаб ўтиб, тўпни жарима майдонига узатди. Сайфиев эса тўпни тўхтатмасдан яқин масофадан аниқ зарба йўллашга эришди - 1:0. 17-дақиқада Чераннинг зарбасидан кейин Юсупов тўпни қайтарди. 21-дақиқада эса ҳакам дарвозамизга пенальти белгилади. Рақиб ҳужумчиси шунчаки йиқилиб тушган ҳолатда белгиланган пенальтидан Абдухолиқов фойдаланди - 1:1. Бўлим якунига қадар "Пахтакор"да 2-3 кескин вазиятлар юзага келди, бироқ улардан фойдаланиш насиб этмади.
Иккинчи бўлимни яна катта ташаббус билан бошлаган футболчиларимиз 68-дақиқада ҳисобда олдинга ўтишди. Сайфиевнинг жаримадан ошириб берган тўпини Черан боши билан дарвозанинг бурчагига тўғрилаб юборди ва ўзининг жорий мавсумдаги биринчи голини урди - 2:1. 80-дақиқада эса Сайфиевга нисбатан ишлатган қўполлиги учун меҳмонлар вакили майдондан четлатилди. Қўшиб берилган дақиқаларда ҳакам бурчак зарбасидан сўнг дарвозамизга яна пенальти белгилади. 3-ўйинда 4-пенальти! Қувватов эса бу кеча Агишевнинг қаҳрамон бўлишига йўл қўймади. У Жокич тепган тўпни қайтариб юборди. Шу тариқа "Шерлар" кескин кечган учрашувда мавсумдаги илк ютуқни тантана қилишди.
"ПАХТАКОР" - "НАВБАҲОР" - 2:1 (1:1)
17 март. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 7748 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев, Р.Ниғмонов, Т.Гайнуллин, Ш.Ражабов.
ВАР: Ф.Норсафаров.
АВАР: Б,Шавкатов.
Назоратчи: Б.Тоғаев.
Комиссар: Б.Арипов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Турсунов, Ҳамралиев, Азмиддинов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Папава, 90+4), Холматов (Банашак, 62), Турғунбоев (Ҳамдамов, 85), Черан.
"Навбаҳор": Юсупов, Ҳошимов, Голбан, Милошич, Чермель, Жокич, Ўрунов (Собиржонов, 73), Болтабоев, Искандеров (Икромов, 82), Яхшибоев (Исмоилов, 75), Абдухолиқов (Норхонов, 73).
Голлар: Сайфиев, 2 - 1:0. Абдухолиқов, 22-пен - 1:1. Черан, 68 - 2:1.
Фойдаланилмаган пенальти: Жокич, 90+4.
Огоҳлантиришлар: Турсунов, 6. Сайфиев, 22. Ўрунов, 28. Жокич, 32. Ҳамробеков, 40. Чермель, 51. Суюнов, 90+4. Болтабоев, 90+6.
Четлатиш: Ҳошимов, 80.