Чемпионатларимиздаги энг принципиал қарама-қаршилик саналган "Нефтчи" ва "Пахтакор" Фарғонада тўқнаш келади. Ҳар икки клуб ўзаро ўйинларда бир-биридан энг кўп очко тортиб олгани ҳам жамоаларнинг ўзаро ўйинга қандай муносабатда бўлишини кўрсатади.
Жамоалар чемпионатлар тарихида 56 ўйин ўтказишган. Кичик устунлик "Пахтакор" тарафида - 27 ғалаба, 9 дуранг ва 20 мағлубият. Рақиб дарвозасига 94 тўп киритган "Шерлар" 67 тўп ўтказиб юборишган. Фарғонадаги беллашувларнинг 15тасида "Нефтчи" устун келган бўлса, 6 баҳсда жамоамиз ғалаба қозонган. Етти ўйин дуранг билан тугаган. "Пахтакор" 10 бор рақибни йирик ҳисобда доғда қолдиришга эришган бўлса, "Нефтчи"да бундай ғалабалар сони учтани ташкил қилади.
Шунингдек, клублар Ўзбекистон Кубогида 15 учрашув ўтказганлар ва "Пахтакор" уларнинг 12тасида устун келган. 3 беллашувда рақибнинг ютуғи кузатилган. "Пахтакор-79" хотира турнири ва "Тошкент халқаро турнири" финалларида ҳам жамоаларнинг тўқнашуви рўй бериб, уларда жамоамиз муваффақиятга эришган.
"Пахтакор"нинг энг йирик ғалабаси 6:0, "Нефтчи"да эса 4:0 ҳисобланади. Рустам Дўрмонов ўзаро учрашувларда 12 тўп киритган. Шуҳрат Мақсудов ва Темур Кападзе ҳар икки жамоа таркибида гол урган ўйинчилар саналади.
"Нефтчи" ва "Пахтакор" ўртасидаги мумтоз тўқнашув 10 март, жума куни Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида соат 18:30да бошланади.