Суперлигада жамоамиз янги мавсумни мағлубият билан бошлашга мажбур бўлди.
U-20 терма жамоасига 8 нафар футболчимиз чақирилгани, Банашак, Саидов ва Папаванинг жароҳати борлиги сабабли таркибда муаммоларга дуч келинди. Шу туфайли ўйин мобайнида Шацких фақат бир бор футболчи алмаштириш имкониятидан фойдаланди.
Мавсумдаги илк пенальти "Пахтакор" дарвозасига 6-дақиқада белгиланди. Одилов дарвозабон устидан сакраб ўтаётиб йиқилиб тушди ва ҳакам ВАРни кўргач, пенальти белгилади. Бу ҳолатда Суюновнинг оёқлари ҳавога кўтарилмаган ҳам эди. Аввалги мавсумдан келиб чиқсак, дарвозамизга турли ҳолатларда қўйиладиган пенальти ажабланишга сабаб эмас. 11 метрлик жаримадан Жиянов ҳисобни очди. Биринчи бўлимда хавфли вазиятлар яратиш бўйича яққол устунлик "Шерлар" тарафида бўлди, бироқ улар кўкка совурилди. Чераннинг яқин масофадан тепган икки тўпи ноаниқ кетди, Ҳамдамов эса қулай имкониятдан зарба бера олмади. Суюнов эса рақибнинг қарши ҳужумидан сўнг аниқ зарбани қайтарди.
Иккинчи бўлим бошида рақиб яна гол урди. Одилов бирга-бир ҳолатда ҳимоячимиздан ўтиб кетиб, дарвозани ишғол қилди. 63-дақиқада Сайфиев 25 метрлардан белгиланган жарима зарбасидан қойилмақом тўп киритиб, фарқни қисқартирди. Кейин кетма-кет голли имкониятлар содир этилди. Лекин улардан фойдаланишда муаммога дуч келдик. 79-дақиқада Суюнов қайтарган тўп рақиб ўйинчисига теккан ҳолда дарвозага бориб тушди. 83-дақиқада Турсунов 18 метрлардан дарвозага аниқ зарбаси билан тўпни йўллади. Охирги дақиқада Турғунбоев деярли бўш қолган дарвозага тўпни тўғрилаб қўя олмади. Шу тариқа мавсумни кутилмаган мағлубият билан бошлашга мажбур бўлдик.
"ПАХТАКОР" - "ОЛИМПИК" - 2:3 (0:1)
3 март. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 2350 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов, Р.Серазетдинов, А.Усмонов, С.Абдураҳмонов.
Назоратчи: М.Исмоилов.
Комиссар: А.Аҳроров.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Турсунов, Азмиддинов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Ҳамдамов (Холматов, 80), Рашидов, Турғунбоев, Черан.
"Олимпик": Абдунабиев, Мирсаидов, Абдумажидов, Тоиров, Шамсиев, Бўриев (Раҳимжонов, 90+2), Иброҳимов (Мухторов, 69), Жалолиддинов (Абдухолиқов, 69), Жўрақўзиев (Азимов, 90+2), Одилов, Жиянов (Ғиёсов, 78).
Голлар: Жиянов, 7-пен - 0:1. Одилов, 49 - 0:2. Сайфиев, 63 - 1:2. Абдумажидов, 79 - 1:3. Турсунов, 83 - 2:3.
Огоҳлантиришлар: Ҳамробеков, 22. Иброҳимов, 45. Азмиддинов, 45+3. Черан 57. Шамсиев, 60. Жалолиддинов, 62. Тоиров, 90+4.