Клуб янгиликлари

Марказий Осиё дербисига превью. "Пахтакор" - "Қайрат"

Клуб янгиликлари

20 йиллик танаффусдан кейин "Пахтакор" ва "Қайрат" яна ўртоқлик ўйинида тўқнаш келади.

Охирги марта расмий беллашувда жамоалар 1990 йил СССР чемпионати биринчи лига доирасида дуч келишганди. Тошкентдаги баҳс 2:1 ҳисобида "Пахтакор" ғалабаси билан якунланган. Рифат Галиев ва Игорь Шквирин киритган тўпларга рақибдан Кариев жавоб қайтарган. Сўнгги марта ўртоқлик ўйинида 2003 йил Олма-Отада қозоқ футболининг 90 йиллигига бағишлаб ўтказилган учрашувида "Қайрат" 2:1 ҳисобида зафар қучган. Июль ойида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлардан Тлехугов ва Қурбонов, жамоамиздан Кападзе гол урган.

Охирги расмий ўйин протоколи

"ПАХТАКОР" - "ҚАЙРАТ" - 2:1 (2:0)
1990 йил 4 ноябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 13000 томошабин.
Ҳакам: В.Купряшкин (Москва).
"Пахтакор": Александр Яновский, Нўъмон Хасанов (Сайдулло Турсунов), Вячеслав Клочков, Миржалол Қосимов, Геннадий Денисов, Илҳом Шарипов, Сергей Бондаренко, Андрей Микляев (Владимир Бунтов), Хорен Оганесян, Игорь Шквирин, Рифат Галиев.
"Қайрат": Гроздов, Кожабергенов, Аҳмедов, Нейштетер, Жуненко, Чухлеба (Ен), Риков (Айманов), Салимов, Михель, Енсенбаев (Кариев), Климов.
Голлар: Галиев, 4 - 1:0. Шквирин, 27 - 2:0. Кариев, 74-пен - 2:1.
Фойдаланилмаган пенальти: Кариев, 89.

Расмий ўйинларда жами 60 тўқнашув кузатилган. 20 учрашувда "Пахтакор", 26 баҳсда "Қайрат" ғалаба қозонган. 14 беллашув дуранг билан тугаган. "Шерлар" 70 тўп киритган ҳолда ўз дарвозасидан 81 гол ўтказиб юборган.

Ўзбек ва қозоқ футболи байроқдор клублари саналган "Пахтакор" ва "Қайрат" ўртоқлик ўйинлари ўтказиш борасида келишувга эришган. Тошкентдаги беллашувдан кейин Алматида жавоб ўйинини ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Охирги йилларда клублар ўртасидаги алоқалар илиқ кўриниш олди. 2019 йил фахрийлар ўртасида Олма-Отада ўйин ўтказилиб, унда 1:1 натижаси қайд этилган.