"Пахтакор" тарихида чемпионатларда энг кўп ўйин ўтказган футболчилардан бири Марат Кабаев саналади.
У жамоамиз учун 275 учрашувда майдонга тушиб, 48 гол муаллифига айланган. Энг кўп ўйин ўтказиш борасида у 6-поғонадан жой олган.
Кабаев 1961 йил 27 май куни Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган. 1980 йил Тошкентда Львовнинг “Карпати” жамоасига қарши ўйинда мураббий Иштван Секеч уни илк бор асосий таркибга киритди. 1981 йилда СССР ёшлар терма жамоаси билан Франциядаги турнирда қатнашгач кейинги йилларда СССР олимпия терма жамоасига киритилди. "Пахтакор" уч турли муддатда ўйнаган. Фаолияти мобайнида "Автомобилист", СКА, "Днепр", "Умид", "Трактор", "Ансат", "Навбаҳор", "Қайсар", "Междуреченск" клубларида қисқа вақт ҳаракат қилди ва Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўйинчи сифатида футбол билан хайрлашди. Мураббий сифатида "Трактор", АГМК, "Қизилқум" ва "Рубин", шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ишлади.
"Пахтакор" афсоналаридан бири Марат Кабаевни клуб олдидаги хизматлари учун доим қадрлаймиз, унга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаймиз!