"Пахтакор" афсоналаридан бири саналган Геннадий Денисов бугун 61 ёшга тўлди.
"Пахтакор" таркибида чемпионат учрашувларида майдонга тушиш бўйича мутлоқ рекордчи саналган Геннадий Денисов 1979 йил жамоамиз асосий таркиби учун ўйнашни бошлаган. "Пахтакор"да 1991 йил охиригача ўйнаган Денисов фаолияти мобайнида жамоамиз сафида чемпионатларда 371 беллашувда иштирок этиб, 32 гол муаллифига айланган. 1982 йилги мавсумда СССР олий лигасида 6-ўринни эгаллаб, Спорт усталигига лойиқ кўрилган. Фаолияти мобайнида ЦСКА, "Спартак" (Владикавказ) ва "Навбаҳор" жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 1992 йил Россия вице-чемпиони, 1996 йил Ўзбекистон чемпионига айланган. 2006 йил "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.
"Пахтакор" футбол клуби 61 ёшга тўлиши муносабати билан Геннадий Анатольевични табриклайди ва унга мустаҳкам соғлиқ, бахт ва омад тилаб қолади.