Суперлига 12-турида "Пахтакор" Тошкент дербисида "Локомотив" билан майдонга тушади.
Жамоамиз сафида дисквалификация билан боғлиқ йўқотишлар мавжуд эмас. Рақибдан Темурхўжа Абдухолиқов сариқ карточкалар сабабли баҳсни ўтказиб юборади.
Чемпионатлар тарихида жамоалар жами 34 бор тўқнаш келишган. Уларнинг 20тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган. 8 беллашувда дуранг натижа қайд этилиб, 6 марта "Локомотив" устун келган. Рақиб дарвозасига 73 гол урган "Шерлар" 31 тўп ўтказиб юборишган. Ўтган мавсумда ўзаро ўйинлар тарихидаги энг йирик натижа кузатилган. Ўшанда жамоамиз 7:0 ҳисобида муваффақиятга эришган. 2005 йилги беллашувда эса Анвар Солиев рақиб дарвозасига 5та тўп киритган! Ғалабалардан 6таси йирик натижа билан эришилган.
Ўз майдонимиздаги ўйинларда кўрсаткичлар шундай кўриниш олган: 11 ғалаба, 3тадан дуранг ва мағлубият. Голлар бўйича устунлик "Пахтакор" фойдасига - 46:19. Ўтган мавсумда ўз майдонимизда 1:0 ҳисобида зафар қучганмиз.
"Пахтакор" ва "Локомотив" жамоалари ўртасидаги учрашув 4 июль, якшанба куни соат 20:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.
Эслатма: мухлислар "Пахтакор" стадионига Ислом Каримов кўчаси томондаги дарвозадан киритилади.