1954 йил 25 май куни "Пахтакор"га содиқ қолган ярим ҳимоячи Константин Баканов дунёга келган.
Константин Баканов 1954 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг биринчи мураббийи Акмал Азизхўжаев ҳисобланади. Футбол билан ёшлигидан шуғулланган Константин ўзи туғилган шаҳарни ҳар ердан яхши деб санарди ва "Динамо" Москва футбол мактабидан тушган таклифга эътибор қаратмайди. 1971 йил "Пахтакор" мураббийи Вячеслав Соловьёв уни "Пахтакор" ўринбосарлари сафига таклиф этади. Бироқ оғир жароҳат туфайли у фаолиятида нақд 4 йиллик танаффус қилишга мажбур бўлди. 1976 йил сафга қайтган Костя мураббий Анатолий Башашкиннинг ишончини оқлади. Унга ўша пайтлар ЦСКАдан катта қизиқиш бўлган, бироқ Баканов "Пахтакор"ни тарк этишни хаёлига ҳам келтирмаган. Машъум фожиа юз берган 1979 йил у 18 учрашувда майдонга тушганди.
Константин Баканов оғир жароҳатдан сўнг яна катта футболга қайтгани, ўзи учун севимли клубда ўйнагани, унга содиқ қолгани билан доим мухлислар қалбида қолади.