2021 йилги Суперлига мавсумини ҳам жамоамиз "Насаф"га қарши ўйин билан бошлайди.
Бир неча кун олдин суперкубок учун беллашган жамоалар энди суперлигада тўқнаш келишади. Ҳар икки жамоа ўртасидаги тўқнашувлар охирги йилларда кескин ўтмоқда. Ҳар бир баҳс мухлисларга шиддатли тўқнашувни тақдим этиб келади.
Беллашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, чемпионатларда жамоалар жами 48 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 28тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 10 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Қаршиликлар эса 10 ўйинда ғалаба қозонишган. Рақиб дарвозасини 74 бор ишғол қилган жамоамиз дарвозасидан 44 гол ўтказиб юборган.
Қаршидаги 24 ўйинда эса жамоамиз 8 ғалаба, 7 дуранг ва 9 мағлубият қайд этган. 23 гол урган жамоамиз ўз дарвозасидан 31 тўп ўтказиб юборган.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон чемпионати тарихида илк бор ВАР тизимидан фойдаланилади.
"Насаф" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги беллашув 10 март, чоршанба куни Қаршидаги "Марказий" стадионда соат 18:30да бошланади.