Ўзбекистон Кубоги финалидан аввал бош мураббийи Шота Арвеладзе ва жамоа сардори Егор Кримец матбуот анжуманида қатнашди.
Арвеладзе: - Барчага хайрли кун. Ҳаммага соғлиқ тилайман. Қўқондаги ўйиндан кейин энг кучли жамоалар ярим финалга етиб келганини айтгандим. Финалда ҳам шундай. Рақибимиз яхши жамоа. Аввалги икки финалда ҳам шу клуб билан тўқнаш келгандик. Мавсумни барқарор ўтказдик деб ўйлайман. Финал қийин ва қизиқарли кечади. Рақиб финалда ўйнашни яхши биладиган жамоа.
Биз жанговар таркибда ўйнаймиз. Фарруҳ Сайфиев дисквалификация сабабли ўйнай олмайди.
Футболда имкон борича яхши шароитларни яхши даражага келтириб, барчаси доимий ўсиб боришига уриниш лозим. Айтайлик, майдон, ёритиш тизими ёки бошқа жиҳатлар бўйича муаммолар бўлмаслиги керак.
Совринларга эга чиқиш доимо ёқимли. Биз бунга барқарор эришаётганимиз янада хурсандчилик беради. Ҳеч бир жамоа бирор совриндан кейин тўхтаб қолишни хоҳламайди. Биз янги-янги ғалабалар учун интиламиз.
Жамоамиз сафига келган ҳар бир ўйинчи яхши ўйнаб кета олмаслиги мумкин. Бутун дунёда шундай. Яхши футболчилар кучлироқ клубларга ўтишади. Таркибимизда ўзимиздан чиққан тарбияланувчилар кўп. Кримец, Машарипов, Сергеев, Анзур Исмоилов, Алижонов, Козак, Собиржонов, Эркинов, Сидиқов. Қолаверса, легионерларни ортиқча жалб этмай маҳаллий футболчиларни харид қиляпмиз. Бу эса пуллар ўзбек футболида қолади дегани.
Кримец: - Яна бир ҳал қилувчи баҳсга етиб келганимиздан хурсандман. Мавсумни соврин билан юқори кайфиятда якунлаш имкониятига эгамиз. Мухлисларга чиройли ва ҳужумкор ўйин намойиш этиб беришга интиламиз. Водийда футболни жуда ёқтиришади. Биз уларга хуш келадиган ўйин кўрсатишга уринамиз.
Шу ерда кичик тўлдириш беришни хоҳлардим. "Пахтакор"да ҳамма ҳам яхши ўйнаб кета олмайди. Босимга чидаш осон эмас. Шунга дош берганлар жуда яхши ўйнаб кетишган.