Ўзбекистон Кубоги ярим финалида "Шерлар" "Қўқон-1912" билан сафарда тўқнаш келишади.
Жамоалар ҳозиргача Ўзбекистон Кубоги мусобақасида жами уч ўйинда майдонга тушишган. 2014 йил учинчи босқичда Қўқондаги беллашувда голсиз дуранг қайд этилган бўлса, Тошкентда жамоамиз 4:0 ҳисобида зафар қучган. Голлар Александр Мерзляков, Станислав Андреев, Владимир Козак ва Анвар Солиев ҳисобига ёзилган. 2018 йил ярим финалда Қўқонда ўтган баҳсда "Пахтакор" 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Ушбу ўйинда жамоамиздан Тиаго Безерра иккита, Исмаэль Гонсалвеш, Дилшод Раҳматуллаев ва Жалолиддин Машарипов биттадан гол муаллифи бўлган. Уч баҳсда икки ғалаба ва бир дуранг билан "Пахтакор" Кубокдаги тўқнашувларда устунликка эга.
Ўйинни Егор Кримец дисквалификация сабабли ўтказиб юборади. Мезбонларда бундай йўқотиш мавжуд эмас.
"Қўқон-1912" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги баҳс 16 декабрь, чоршанба куни соат 13:00да Қўқондаги "Марказий" стадионда бошланади.