Суперлиганинг 17-тур қолдирилган ўйинида жамоамиз Тошкентда "Сўғдиёна"ни қабул қилади.
Чемпионлик сари дадил қадамларини ташлаётган "Пахтакор" Чемпионлар Лигасидаги иштироки сабабли кечиктирилган беллашувда майдонга тушади. Биринчи даврада Жиззахда имкониятни бой бергандик. Шу сабабли мазкур баҳснинг кескин кечишини кутиш мумкин. Жамоалар сафида дисквалификация билан боғлиқ йўқотишлар мавжуд эмас.
Миллий чемпионатлар доирасида ўзаро 49 учрашув бўлиб ўтган. 40 беллашувда жамоамиз ғалабага эришган бўлса, 4та ўйинда дуранг қайд этилган ва 5 баҳсда рақибнинг ғалабаси қайд этилган. 123 гол урган "Шерлар" ўз дарвозасидан 39 тўп ўтказиб юборишган. "Пахтакор"нинг энг йирик ғалабалари 6:1 ва 5:0 ҳисобларида кузатилган. Тошкентдаги 24 баҳснинг 22тасида жамоамиз муваффақиятини нишонлаган. Шундан 12 ғалаба йирик натижа билан қўлга киритилган. Ўз майдонида жамоамиз 88 гол уриб, 18 тўп ўтказиб юборган. Фақат бир мартадан жиззахликлар ютуғи ва дуранг қайд этилган. 1995 йилдан бери "Сўғдиёна" сафар ўйинларида очко олмаган.
"Пахтакор" ва "Сўғдиёна" жамоалари ўртасидаги ўйин 21 октябрь, чоршанба куни соат 16:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.