"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе ва "Шабаб Ал Аҳли"га қарши баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилган Драган Черан беллашувдан кейинги матбуот анжуманида қатнашишди.
Арвеладзе: - Ўйлашимча, бугун жуда яхши ўйнадик. Ҳа, гол ура олмадик, лекин умуман оладиган бўлсак ажойиб ўйин ўтказдик. Афсуски, ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Охирги 20 дақиқада гол уришимиз мумкин эди, бу футбол, бу Чемпионлар Лигаси, бу ерда гол уриш шарт. Ортда қолган 3 ўйинда 8та яққол голли вазият яратдик, буни давом эттиришимиз ва гол уришимиз керак.
Агар сиз гол урмасангиз, унда ғалаба қозонолмайсиз. Бу тўғрида олдин ҳам айтганман. Агар баҳсни ютишни истасангиз рақибдан кўра кўпроқ гол уришингиз керак.
Албатта, дастлабки икки ўйин жисмоний ҳолатга таъсир қилади, руҳий муаммолар. Бизда гол уриш учун имкониятлар етарли бўлди. Бу футбол, бу ерда сенинг зарбаларингни тўсиши ёки қайтариши мумкин бўлган дарвозабон ва ҳимоячилар бор. Ҳамиша сенга халал берадиган кимдир топилади. Яқин масофадан зарбалар бериш имкони ҳам бўлди, бу ноаниқ зарбалардан кўра яхшироқ. Бундай қисқа вақтда ўтадиган баҳсларда муҳим рол ўйнайдиган жисмоний ҳолатни ҳам қайд этиб ўтиш мумкин. Муаммоларни биламиз ва уларни тўғрилаш устида ишлаймиз.
Ўйиндан кейин Дердийок билан бир вазият ҳақида гаплашдик. Бир ҳолатда чап қанотдан ерлатиб пас узатилди ва у ўша тўпга ташланмади. Мен Эренга шундай дедим: "Кимдир тўпга интилиши керак, кимдир югуриши ва тўпга тегиниб қўйиши ва гол уриши керак". Албатта, буни унинг ўзи ҳам билади.
Биз гуруҳдан чиқиш учун кейинги, сўнг эса ундан кейинги ўйинларни ютишга ҳаракат қиламиз.
Черан: - Биз ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Бугун фақат биз ўйнадик, бу бизнинг ўйин бўлди. Жуда кўплаб имкониятларни юзага келтирдик, аммо улардан фойдаланишда хатоларга йўл қўйдик. Бугун биз икки очкони бой бердик деб ўйлайман.
Биз рақибни ўрганганимиз сингари улар ҳам бизни ўрганишади. Кучли тарафларимизни ёпишга уринишади. Улар қанотдан ўтишимизни ёпмоқчи бўлишди, биз марказдан ҳам ҳужумлар уюштирдик. Вазиятлардан фойдаланмадик ва рақиб ҳам ҳимояда яхши ўйнашга уринди. Бу гол ура олмаганимиз сабаби.