Илк дақиқалардан ҳужумга отланган жамоамиз 2-дақиқадаёқ ҳисобни очиши мумкин эди. Собирхўжаевнинг жарима майдонида ичида қолдирган тўпини Сергеев дарвозага тепди, аммо зарба тўсинга бориб тегди. 12-дақиқада эса Игорь ўз мақсадига эришди. Бурчак зарбаси ўйинга киритилгач, Черан чалқанча услубда тўпни тепишга уринди. Бу вазиятда тўп Сергеевга бориб тушди ва у яқин бурчакни аниқ нишонга олди - 0:1. Бўлим ўрталарида Сергеев ва Черанда зарба беришга қулай имкониятлар юзага келди, бироқ улар мўлжални аниқ олишмади. 42-дақиқада Машариповнинг жаримадан йўллаган аниқ зарбасини Юсупов қайтариб қолишга эришди.
Иккинчи бўлим биринчисига нисбатан кескинроқ бошланди. 59-дақиқада тезкор уюштирилган қарши ҳужумдан кейин Черан иккинчи тўпни киритиши мумкин эди, аммо унинг зарбаси салгина ноаниқ кетди. 73-дақиқада ҳимояда йўл қўйилган қўпол хатодан кейин Суюновдан қайтган тўпни Турғунбоев яқин масофадан дарвозага йўллади ва ҳисобни тенглаштирди. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади ва жамоамиз муҳим очколарни йўқотди.
"НАВБАҲОР" - "ПАХТАКОР" - 1:1 (0:1)
1 сентябрь. Наманган. "Марказий" стадион.
Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов, А.Маражабов, З.Абдураҳмонов, А.Раҳимов.
Назоратчи: С.Зайлобиддинов.
Комиссар: А.Давиденко.
"Навбаҳор": Юсупов, Комилов, Соловьёв (Баҳриддинов, 83), Турғунбоев, Теляков, Ҳошимов, Голбан, Шамсиддинов (Мухторов, 46), Ғуломов (Исоқжонов, 46), Голишев (Болов, 67), Ўринбоев (Рашидхонов, 83).
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Кримец, Анзур Исмоилов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Ҳамдамов (Сидиқов, 74), Черан, Машарипов, Сергеев (Дердийок, 80).
Голлар: Сергеев, 12 - 0:1. Турғунбоев, 73 - 1:1.
Огоҳлантиришлар: Анзур Исмоилов, 52. Голбан, 55. Ҳамдамов, 57. Ҳамробеков, 81.