Жамоалар таркибида карточкалар билан боғлиқ дисквалификация йўқ. Ушбу жамоалар чемпионатлар доирасида барча мавсумларда иштирок этиб келишмоқда. Юқори лигада энг кўп тўқнашувлар шу икки клуб ўртасида кузатилган.
Ҳозирга қадар жамоалар 59 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол "Шерлар" тарафида. 37 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 9 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва 13 марта имкониятни бой берган. "Навбаҳор" дарвозасига 100 гол урилиб, 46 тўп ўтказиб юборилган. 9 баҳсда "Шерлар" йирик ҳисобда устун келишган.
Айни пайтгача Наманганда бўлиб ўтган 29та баҳснинг 12тасида жамоамиз зафар қучган бўлса, 5 ўйин дуранг билан тугаган. Қолган 12 учрашув рақиб ғалабаси билан якунланган. Наманганда "Пахтакор" 33 тўп киритиб, 27 гол ўтказиб юборган. Ўтган йилги беллашувда Достон Ҳамдамовнинг ягона голи сафарда жамоамизга ютуқ келтирган.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб - 7:0. Ушбу ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.
Ўзаро ўйинларда энг кўп тўп киритган футболчи Александр Гейнрих ҳисобланади. У жами 9 марта наманганликлар дарвозасига гол урган. Леонид Кошелев эса 7 тўп киритган. Шундан 3тасини "Навбаҳор", 4тасини "Пахтакор" сафида киритган. Игорь Сергеев ҳозирча бу рақиб дарвозасини 6 бор ишғол қилган. Жамоамиздан Игорь Шквирин, Анвар Солиев, Зайниддин Тожиев ва Одил Аҳмедов 4тадан тўп киритган. "Навбаҳор"дан Шуҳрат Мирхолдиршаев ҳисобида 4, Олег Шацких ҳисобида 3 гол мавжуд. Кошелевдан ташқари Вадим Котельников ҳам ҳар икки жамоа сафида гол уришга эришган.
“Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйин 1 сентябрь куни 19:00да Намангандаги "Марказий" стадионда бошланади.