Суперлигада биринчи давранинг сўнгги ўйинида жамоамиз "Андижон" билан майдонга тушади.
Беллашувни ҳар икки жамоадан бир нафардан футболчи сариқ карточкалар дисквалификацияси туфайли ўтказиб юборади. "Пахтакор"дан Егор Кримец, "Андижон"дан Усмонали Исмоналиев майдонга туша олмайди.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатларда 48 бор тўқнаш келишган. Улардан 36тасида "Шерлар" ғалаба қозонган бўлса, 8 баҳсда дуранг натижа қайд этилган. Фақат 4 марта "Андижон" футболчилари муваффақиятга эришган. Рақиб дарвозасини 120 марта ишғол қилган жамоамиз 34 гол ўтказиб юборган. Сафардаги беллашувларда 14 ғалаба, 6 дуранг ва 4 мағлубиятга эгамиз. Меҳмонда 45 тўп киритган ҳолда дарвозамиздан 17 гол олиб чиққанмиз. Жами ғалабаларнинг 15таси рақиб устидан йирик ҳисобдаги натижалар билан қўлга киритилган. Ўтган мавсумда ҳар икки учрашувда "Пахтакор" йирик ҳисобда зафар қучган - уйда 5:1, меҳмонда 3:0.
Ўзаро ўйинлар тўпурари Сервер Жепаров ҳисобланади. У андижонликлар дарвозасига 8 тўп киритишга эришган. Собир Ходиев, Зайниддин Тожиев ва Бахтиёр Ҳамидуллаев 7тадан гол урган. Азамат Абдураимов ва Леонид Кошелев ҳисобида 5та тўп бор. Равшан Бозоров, Дилмурод Назаров, Игорь Сергеев ҳамда Драган Черан рақиб дарвозасига 4 тўп киритишни уддалаган. Отабек Пирматов эса ҳар икки жамоа учун гол муаллифи бўлган.
"Андижон" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин 27 август, пайшанба куни "Локомотив" стадионида соат 19:00да бошланади.