Суперлига 11-турида "Пахтакор" ҳужумкор ўйини билан "Насаф"дан 4:1 ҳисобида устун келди.
Учрашувнинг бошиданоқ тўп назорати ва ўйинни бошқаришда ташаббусга эришган "Шерлар" кетма-кет кескин вазиятлар содир этишди. Аброр Исмоилов ва Сергеевнинг уринишларига озгина аниқлик етишмади. Вақт ўтиши билан босимни кучайтириб борган жамоамиз 32-дақиқада ҳисобни очишга эришди. Сергеевга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Черан унумли фойдаланди. У тўпни ўнг бурчакка, дарвозабонни эса чап бурчак томон "жўнатди" - 1:0.
Иккинчи бўлимда рақиб дарвозаси олдида янада кўпроқ имкониятлар юзага келтирган "Пахтакор" 12 дақиқа оралиғида ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Дастлаб Машарипов узатган тўпни Черан боши билан дарвозага аниқ йўллади. Кейин эса Ҳамробековга ишлатилган қўполлик сабабли белгиланган пенальтидан Сергеев аниқ фойдаланди. 67-дақиқада Собирхўжаевнинг тўпни қолдирганидан сўнг яна Черан гол урди. Шу тариқа унинг чемпионатдаги голлари сони 11тага етди. "Насаф" эса 68-дақиқада тўп киритди. Ҳужумни қайтариш чоғида Аъзамовнинг тиззасига теккан тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтди.
4:1 ҳисобидаги йирик ғалаба билан "Пахтакор" турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда.
"ПАХТАКОР" - "НАСАФ" - 4:1 (1:0)
21 август. Тошкент. "Бунёдкор" стадиони.
Ҳакамлар: А.Рисқуллаев, Ҳ.Шодмонов, Р.Серазитдинов, Т.Суюнов.
Назоратчи: Б.Тоғаев.
Комиссар: Ж.Раҳматуллаев.
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев, Кримец, Аъзамов, Алижонов (Комилов, 69), Аброр Исмоилов (Собирхўжаев, 62), Ҳамробеков, Сидиқов, Черан (Собиржонов, 76), Машарипов (Ҳамдамов, 62), Сергеев (Дердийок, 69).
"Насаф": Неъматов, Алиқулов, Ғайбуллаев, Раҳматуллаев, Саидов (Муҳиддинов, 46), Абдухолиқов (Норчаев, 46), Маннонов (Хўжамбердиев, 79), Кенжабоев, Насруллаев, Бозоров (Траоре, 65), Станоевич (Мозговой, 65).
Голлар: Черан, 32-пен - 1:0. Черан, 53 - 2:0. Сергеев, 65-пен - 3:0. Черан, 67 - 4:0. Аъзамов, 68-авт - 4:1.
Огоҳлантиришлар: Аброр Исмоилов, 39. Кримец, 49.