Суперлига 11-турида "Шерлар" "Бунёдкор" стадионида "Насаф"ни қабул қилишади.
Ушбу учрашув 11-турнинг марказий ўйинларидан бири сифатида кўрсатилмоқда. Жамоалар сафида дисквалификация билан боғлиқ йўқотишлар мавжуд эмас.
Чемпионатларда жамоалар жами 46 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 27тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 10 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Қаршиликлар эса 9 ўйинда ғалаба қозонишган. Рақиб дарвозасини 70 бор ишғол қилган жамоамиз дарвозасидан 40 гол ўтказиб юборган.
Тошкентдаги беллашувларда жамоамиз 19 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган. "Насаф" Тошкентда ягона ютуғини 2001 йил қўлга киритган. Охирги марта 2016 йил Қарши жамоаси сафарда очкога эга чиққан. Тошкентдаги баҳсларда "Шерлар" 46 гол уриб, 13 тўп ўтказишган.
Ўзаро ўйинлар тўпурарлари Анвар Солиев, Исмаэль Гонсалвеш ва Игорь Сергеев ҳисобланади. Улар 5тадан тўп киритишган. Жамоамиздан Александр Гейнрих ва Сервер Жепаров 4тадан, Дилмурод Назаров, Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Жамшид Искандеров ҳамда "Насаф"дан Зафар Холмуродов ва Драган Черан 3тадан гол муаллифига айланган. Черан рақиб дарвозасини ишғол қилган тақдирда ҳар икки жамоа учун тўп киритган футболчига айланади.
"Пахтакор" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги ўйин 21 август, жума куни соат 19:00да "Бунёдкор" стадионида бошланади.