"Пахтакор" бош мураббийи Навоийдаги учрашув арафасида бўлажак ўйин ҳақида фикрларини билдирди.
- Мавсумнинг энг кескин палласи бошланмоқда. Ҳар бир учрашувга жиддий муносабатда бўлишимиз талаб этилади. Олдимизга ўзимиз майдонга тушган беллашувларда ғалаба қозониш мақсадини қўйганмиз. Исталган жамоа билан ўйин осон кечмайди. Буни Фарғонадаги учрашувда кўрдик. Жаҳон чемпионати якунланди ва мухлисларнинг стадионларга қайтиб, жамоаларни қизғин қўллаб-қувватлашларини кутмоқдаман. Улар билан футбол янада чиройли кўриниш олади.
"Қизилқум"ни биламиз, бу жамоа ҳар бир рақибга жиддий қаршилик кўрсатиш салоҳиятига эга. Улар билан учрашувда ҳушёрликни йўқотмасдан ҳаракат қилишимиз зарур бўлади. Қолган ўйинларда ишқибозларимизни чиройли футбол ва ғалабалар билан хурсанд этишга интиламиз.