Бугун Малайзия пойтахти Куала Лумпурда жойлашган ОФК қароргоҳида ОЧЛга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Кутилганидек "Пахтакор" мусобақани плей-офф босқичида Қатарда "Ал-Гарафа"га қарши учрашув билан 30 январь куни бошлайдиган бўлди. Гуруҳ баҳсларига йўл олган тақдиримизда БААнинг "Ал-Жазира", Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" ва Эроннинг "Тракторсози" жамоалари рақибларимизга айланади.
Гуруҳ босқичи 12 февралда старт олади.
"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе қуръа хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
- Бизни дастлаб "Ал-Гарафа"га қарши ўтадиган муҳим ўйин кутмоқда ва бор эътиборимиз ушбу беллашувга қаратилади. Гуруҳ босқичида эса кучсиз жамоа бўлмаслиги маълум. Барча гуруҳларда кучли жамоалар тўпланган. Қатарда мавсум қизиб бормоқда ва бу уларда ўйин амалиёти билан боғлиқ муаммо йўқлигини билдиради.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган "Локомотив" ва "Насаф"га турнирда омад тилайман, - деб таъкидлади Шота Юстинович.