Клуб янгиликлари

Марко Симичнинг мавсум-2017даги кўрсаткичлари

Клуб янгиликлари

Марказий ҳимоячи Марко Симич жамоамиз таркибида иккинчи даврада тўп тепди.

У 13 учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини уч бор ишғол қилишга эришди. Шунингдек, бир марта жамоадошлари гол уриши учун имконият яратиб берди. Биринчи голини уриш учун Черногория терма жамоаси аъзоси 532 дақиқа сарфлади. Илк тўпини у Тошкент дербисида "Локомотив"га қарши беллашувда киритди. Ўшанда унинг ягона голи "Пахтакор"га ғалаба келтирганди. Симичнинг барча голларига Гиди Канюк асситентлик қилгани эътиборга молик.

Марконинг аниқ тўп ошириш коэффиценти 80 фоизни ташкил қилди. Бу жамоамизда мавсумдаги энг юқори натижа саналади. Ўртача бир ўйинда 13 яккакурашдан 9тасида рақиблардан устун ҳаракат қилган. Улардан 7тасида Симич ҳаводаги курашларда муваффақият қозонган. Бу ҳимоячининг ишончли ўйнашини кўрсатади. У бир учрашувда ўртача 7 марта тўпни олиб қўйишга эришган.