"Пахтакор" бош мураббийи Туркияда ўтган йиғин ва "Қизилқум" билан учрашувга ҳозирлик хусусида фикрларини билдириб ўтди.
Шота АРВЕЛАДЗЕ ("Пахтакор" бош мураббийи): - Туркия йиғинидан қониқдим. У ерда яхши шароитда иккинчи даврага тайёргарликни давом эттирдик. Йигитлар машғулотларда яхши ишлашди. Ўйин ташкил қилиш ва жамоавий ҳаракатларга эътибор қаратдик. Жисмоний ва тактик ҳолатлар устида меҳнат қилдик. Ҳали бу борада ишлашда давом этамиз. Тайёргарликдан кўнглим тўлди.
Назорат беллашувларида турли жиҳатлар бўйича жамоа имкониятларини текшириб олдик. Футболчиларнинг интилиши менга ёқди.
Иккинчи даврани сафарда "Қизилқум"га қарши ўйин билан бошлаймиз. Рақиб ҳимояда тартибли ҳаракат қилади, қанотлардан хавфли ҳужумлар уюштиради. Тез ўйнашга интиладиган жамоа. Бизни муносиб рақиб билан кескин учрашув кутиб турибди.