Клуб янгиликлари

Педру Морейра: "Стадиондаги фантастик муҳит бизга катта ёрдам берди"

Клуб янгиликлари

"Ал Ҳилол"га қарши учрашувдан кейин бош мураббий Педру Морейрага беллашувнинг энг яхши футболчиси Абдурауф Бўриев ҳамроҳлик қилди.

Морейра: - Биз учун қийин ўйин бўлишини кутгандик. Шундай бўлди ҳам. Рақибимиз катта маҳоратга эга жамоа. Ҳимоя ва ҳужумда хатосиз ҳаракат қилишимиз кераклигини айтгандим. Биз шундай ўйин намойиш этишимиз лозим. Бир жамоага айлана олдик. Дастлабки 30 дақиқада ажойиб футбол кўрсатдик. Энди бизни жавоб баҳси кутиб турибди. Унга тайёргарлик кўришни бошлаймиз.

Бизда ҳам яхши даражадаги футболчилар бор ва жамоа савияли. Ўйинимизда ўсишимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Кўп вазият яратяпмиз, лекин дарвозага кўпроқ зарба беришимиз лозим. Умумий даражада ўсиб боришимиз керак. Бугун биз жамоа сифатида рақибга кўп имконият бермадик. Стадиондаги муҳит фантастик даражада бўлди.

Мен қўл остимдаги энг яхши таркибни майдонга тушираман. Майдонга тушганлар олқишга муносиб. Футболчиларга ишонаман ва улар ўзларини кўрсатишлари керак. Бугун Бўриев ажойиб ўйин кўрсатди. Риаскос жуда яхши ўйнади, аммо иккинчи бўлимда кўрсатмаларни бажаришда қийналди. Шу сабабли уни Сергеевга алмаштирдим.

Жисмонан ҳали тўлиқ яхши ҳолатда эмасмиз, чунки энди 3-ўйинда майдонга тушдик. Ҳозир жамоада нималарга эгалигимизни тушуниб боряпмиз, ғояларни амалга оширишга киришдик. Секинлик билан ўзгаришларни амалга ошириб борамиз. Ўзбекистон иқтидорли ўйинчиларга бой. Шундай футболчиларга юқори даражага чиқишига ёрдам беришни истайман.

Бўриев: - Биринчи навбатда совуқ ҳавога қарамай, стадионда келиб бизни қўллаб турган мухлисларга раҳмат айтаман. Биз биринчи беллашувда ғалаба қозондик. "Ҳилол" Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Олдинда турган иккинчи учрашувга ҳозирлик кўрамиз.

Охирги 10 дақиқаликни ҳисобга олмаганда рақибдан кучлироқ ўйнадик. Сўнгги дақиқаларда рақиб тўпни жарима майдонига ҳаводан етказишга уринди.