Клуб янгиликлари

"Ҳилол" биринчи ўйинда мағлуб этилди

Клуб янгиликлари

Нимчорак финал биринчи баҳсида "Пахтакор" Осиё грандларидан бири "Ал Ҳилол"ни кичик ҳисобда мағлуб этди.

Биринчи бўлимни жамоамиз ҳужумкор руҳда бошлади ва шундай ўтказди. Дастлабки дақиқаларда Риаскоснинг боши билан берган зарбаси ноаниқ чиққан бўлса, Алижонов ва Адҳамзода узатган тўпларни рақиб посбони қийинчилик билан эгаллаб олди. Ҳисоб очилишидан аввал Ҳамдамовнинг хавфли зарбаси ҳам ноаниқ бўлди. 29-дақиқада Риаскос тўп учун курашда ҳимоячидан устун келиб, тўпни жарима майдонига узатди. Ҳимоячилардан чаққон ўйнаган Фламарион яқин масофадан дарвозани ишғол қилди - 1:0. Кейинги дақиқада Алижоновнинг чап оёқда узоқ бурчакка йўллаган зарбасидан кейин Буну меҳмонларни голдан асраб қолди. "Ҳилол"дан Леонардо ва Носир Давсарининг ноаниқ зарбалари кескинликни юзага келтирди.

Иккинчи бўлимда энг қулай имконият жамоамизда бўлди. Буну билан бирга-бир чиқиб борган Холматовнинг зарбасини дарвозабон қайтарди ва қайтган тўпни боши билан йўллаган Диёр зарбани кучли бера олмади. Ҳимоячи тўпни қайтариб юборишга улгурди. "Пахтакор" ҳимояда бехато ҳаракат қилган ҳолда кичик ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолди.

"ПАХТАКОР" - "АЛ ҲИЛОЛ" - 1:0 (1:0)
4 март. Тошкент. "Жар" стадиони. 5226 томошабин.
Ҳакамлар: Ма Нинг, Жу Фей, Жан Чен (Хитой), Насрулло Кабиров (Тожикистон).
ВАР: Фу Минг (Хитой).
АВАР: Жанг Лей (Хитой).
Назоратчи: Исмоил Аднан (Иордания).
Комиссар: Носир Алабри (Баҳрайн).
"Пахтакор": Жонатан, Алижонов, Азмиддинов, Абдуллаев, Адҳамзода (Маҳаммаджонов, 90), Бўриев, Лукка, Холматов (Ресан, 80), Ҳамдамов (Жўрақўзиев, 80), Фламарион (Абдумажидов, 90), Риаскос (Сергеев, 56).
"Ал Ҳилол": Буну, Носир Давсари, Булайҳи (Канно, 39), Кулибали, Халифа Давсари, Невеш, Милинкович-Савич (Ҳамддан, 76), Кайо Сезар (Ҳарби, 61), Малком, Салим Давсари, Леонардо.
Гол: Фламарион, 29 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Азмиддинов, 34. Абдуллаев, 78. Кулибали, 83. Маҳаммаджонов, 90+7. Канно, 90+9.