Клуб янгиликлари

Ўзбекистон Кубоги чорак финал превьюси: "Бунёдкор" - "Пахтакор"

Клуб янгиликлари
"Шерлар" кубок ярим финалига чиқиш учун "Бунёдкор" қаршилигини енгишлари зарур бўлади.

"Пахтакор" ва "Бунёдкор" кубокдаги энг муваффақиятли жамоалар саналади. Улар ҳисобида биргаликда 17 бош соврин ва 26 финал мавжуд. Бу эса ушбу чорак финалнинг қанчалик қизиқарли ўтишини кўрсатиб турибди. Жамоамиз 17 бор кубок финалларида ўйнаб, улардан 13тасида ғолиб бўлган. "Бунёдкор" эса 9 финалдан 4тасида зафар қучган.

Жамоалар кубок доирасида 8 беллашувда ўзаро тўқнаш келишган. 3 ўйинда "Шерлар", 4 баҳсда "Бунёдкор" ғалаба қозонган ва бир учрашувда дуранг қайд этилган. "Пахтакор" 7 гол уриб, 12 тўп ўтказиб юборган.

Ўйинни жамоалардан дисквалификация туфайли ўтказиб юборадиган футболчилар мавжуд эмас.

Ишқибозларни кубокдаги дерби ва ажойиб ўйинни стадиондан кузатишга таклиф этамиз. Ўйин 15 август, пайшанба куни соат 19:30да "Бунёдкор" стадионида бошланади.