Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Максим Шацких иштирок этди.
- Ҳимоядаги индивидуал хатолар ва ҳужумда вазиятлардан фойдалана олмаслик натижасида мағлуб бўлдик. Жуда кўп йўқотишлар борлиги сабабли асосий таркибга зўрға 11 нафар футболчини йиға олдик. Кўп ўйинчилар ҳақида хулосалар чиқардик. Кейинги режаларимизда буни инобатга оламиз.
Гуруҳдан чиқишни мақсад қилгандик, аммо бунга эриша олмадик. Асосий таркибдан кўпчилик ўйнай олмади, захирада ёш болалар ўтирганди. Бундай даражада хатолар кечирилмайди. Индивидуал маҳорат ва тезлик борасида катта фарқ бўлди.
Мавсум давомида олдимизга қўйилган асосий мақсад чемпионлик эди ва буни уддаладик. Таркибни кучайтиришга интиламиз, лекин яхши даражада легионерлар топиш қийин. Ҳар доим ҳам бу борада ижобий ишлаш қийин. Уларни биринчи навбатда машғулотдаги умумий савияни ошириш учун таклиф этамиз. Ўйинда эса ким маълум вақтда кучлироқ бўлса, ўша футболчи ўйнаши керак.
Жароҳатлар кўплиги тиғиз тақвим билан боғлиқ. Чемпионлар Лигасида ўйнаган жамоалар аъзолари жуда чарчашди, бу жароҳатларга олиб келади. Терма жамоалар номзодлари тинимсиз машғулот ва ўйинларда бўлишмоқда. Улар робот эмас. Дам олишлари ҳам керак. Осиё Кубоги туфайли дастлаб миллий терма аъзолари, кейин олимпия термаси вакиллари йўқ бўлишади. Алижоновни "Ахал" билан сафарда сунъий майдондаги ўйинда майдонга туширмадик, чунки бундай майдонда ўйнаш Ҳожиакбар учун хавфли. Миллий термада эса уни ўйнатишди, энди тиззасида муаммо пайдо бўлди. Биз ўз футболчимизни аяшимиз мумкин, бошқаларни билмадим.