“Пахтакор” футбол клуби Президенти Бобур Шодиев матбуот анжуманида ОАВ саволларига жавоб қайтарди.
- Жамоага янги футболчиларни олиб келиш масаласини ким ҳал қилади?
Бобур ШОДИЕВ: - Айни дамда жамоа қўшиб олишни истаган ўйинчилар рўйхати бор. Ундан кўп футболчилар ўрин олган. Бироқ кимларни олиб келишни фақатгина бош мураббий ҳал қилади. Бу масалада унга тўлиқ эркинлик берилган. Ҳеч ким мураббийлар фаолиятига аралашмайди.
- Клубнинг ҳозирги пайтда молиявий ҳолати қандай? Ҳомийлар ким?
Бобур ШОДИЕВ: - Биз барча молиявий имкониятларимизни тўғрилаб олдик. Айни дамда молиявий томондан муаммо йўқ. Барча қарзларимизни ёпиб бўлганмиз. “Пахтакор”да бундан сўнг пул билан боғлиқ муаммо бўлмайди. Ҳомийларга келадиган бўлсак, уларнинг барчаси хусусий тадбиркорлар. Холдинг бор ва унинг таркибида бир нечта корхоналар мавжуд. Уларнинг соҳаси фармацевтика, суғурта ва бошқа фаолият турлари билан боғлиқ. Шубҳасиз, юқори даражадаги клуб ташкил қиламиз. Cтадион янгидан қурилади. Яна клуб базасини тўлиқ таъмирлаш режамиздан ўрин олган. Бу борада лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда.
- Жасур Абдураимовнинг тақдири нима бўлади?
Бобур ШОДИЕВ: - Жасур Абдураимовнинг қаерда ишлаши ўзига боғлиқ. У биз учун керакли мутахассис. Унга катта раҳмат айтамиз. Чунки у жамоани оғир вазиятдан олиб чиқа олди. Биз Абдураимовга клубда ишни давом эттиришни таклиф қиламиз.