Клуб янгиликлари

Максим Шацких: "Бундай ўйинлар стадиондаги мухлислар сонини кўпайтиради"

Клуб янгиликлари
"Насаф" билан баҳсдан кейин "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида беллашув хусусида фикрларини билдирди.

Максим Шацких: - Бугунги учрашув барчага ёқди деб ўйлайман. Тезкор ўйин бўлди. Ҳакамларга ҳам раҳмат, улар бугун аъло даражада ишлашди. Чемпионатда шундай ўйинлар сони кўпайса, мухлислар чемпионат ўйинларига ташриф буюришни бошлашади. Ўйинни назорат қилдик. Биринчи бўлимда рақибимиз битта ҳужум қилди ва гол урди. Иккинчи бўлимда агрессивроқ ўйнадик. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ гол уришимиз керак эди.

Драган жамоа етакчиси ва сардори. У майдонга қайтганидан сўнг услубимизни ўзгартирдик. Уни майдонда икки ҳимоячи қўриқлайди. Шу сабабдан очиқ ҳудуд пайдо бўлади. У ўзининг оптимал спорт формасига қайтишига умид қиламан.

Кубокни кўтарганимиздан сўнг чемпион бўлдик дея оламиз. Осиё чемпионлар лигасида ҳам энг муҳим учрашувлар вақти келди. Зич тақвим футболчиларни, айниқса терма жамоа аъзоларини қийнаб қўяди. Биз терма жамоа йиғини аввалидан бешта муҳим учрашув ўтказгандик. Ўша учрашувларда кўп очколар йўқотдик, аммо ўйин бўйича ҳаммаси жойида эди. "Ал Айн"га қарши кўп вазиятларни яратгандик. Саудияда ҳам ўйин бўйича устунлик қилиб, мағлуб бўлдик. "Сўғдиёна", ОКМК, "Андижон" жамоаларига қарши учрашувларда очко йўқотдик. Лекин ўйин бўйича биз устун эдик. Бугун ҳам сўнгги дақиқаларда гол урсак бўларди. Дуранг адолатли натижа бўлди деб ўйлайман. Жисмоний ҳолат бўйича ҳаммаси яхши.