Суперлига 24-турида "Шерлар" Тошкентда "Насаф" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, чемпионат тугашига икки тур қолганда яққол пешқадамликни давом эттирмоқда.
Ўйинда тўпни назорат қилиш, ҳужумлар уюштириш, голли имкониятлар ва дарвозага зарба бериш борасида устунлик "Пахтакор" тарафида бўлди. 17-дақиқада Ҳамдамов икки қулай вазиятга эга чиқди. Дастлаб Эркиновнинг узатмасидан кейин тўпни дарвозага тепа олмаган бўлса, кейин Достоннинг зарбасидан сўнг Неъматов тўпни қайтарди. Рақибнинг илк ҳужуми гол билан тугади. Жарима майдонида ҳимоячиларимиз йўл қўйган хато сабабли Насруллаев деярли бўш дарвозани ишғол қилди. Кейинроқ Сидиқовнинг хавфли зарбаси ноаниқ чиқди. 35-дақиқада ҳимоячидан дарвозага кириб кетаётган тўпни рақиб посбони қайтарди. Биринчи бўлимга қўшилган дақиқаларда эса Холматовнинг зарбаси устундан қайтган бўлса, рақиб дарвозасига кетаётган тўпни Банашак кутилмаганда қайтариб юборди.
Иккинчи бўлимда тўп назоратини янада кўпроқ ўз тарафига оғдирган "Шерлар" олдинга ташланишда давом этишди. Бир неча ҳолатларда рақиб жарима майдонидаги хатолардан фойдалана олмадик. 79-дақиқада Эркинов ҳисобни тенглаштирди. Алижоновнинг ўнг қанотдан оширган тўпини жарима майдонида тўхтатиб олган Ҳожимат иккинчи уринишда дарвозанинг бўш бурчагини ишғол этди - 1:1. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади. Шу тариқа мавсум тугашига икки тур қолганда "Пахтакор" яқин таъқибчиси билан 4 очколик фарқни сақлаб қолди. Навбатдаги ғалаба жамоамизнинг 16-бор чемпионликка эга чиқишини таъминлайди.
"ПАХТАКОР" - "НАСАФ" - 1:1 (0:1)
3 ноябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 12365 томошабин.
Ҳакамлар: И.Танташев, А.Цапенко, Т.Гайнуллин, Р.Чориев.
ВАР: Р.Лутфуллин.
АВАР: Р.Нугмонов.
Назоратчи: Т.Абдуллаев.
Комиссар: С.Қудратиллаев.
"Пахтакор": Павлюченко, Алижонов, Азмиддинов, Ҳамралиев, Турғунбоев, Ҳамробеков, Собирхўжаев (Саитов, 68), Ҳамдамов (Холдорхонов, 55), Холматов, Эркинов, Банашак (Черан, 55).
"Насаф": Неъматов, Давронов, Ғайбуллаев, Мозговой, Абдураҳматов (Чавез, 90+1), Сидиқов (Бозоров, 57), Абдураҳимов, Круз (Нуруллаев, 73), Насруллаев (Нарзуллаев, 90+1), Станоевич (Аманов, 57), Эшмуродов.
Голлар: Насруллаев, 27 - 0:1. Эркинов, 79 - 1:1.
Огоҳлантиришлар: Мозговой, 36. Сидиқов, 57. Эркинов, 80. Ғайбуллаев, 81. Нарзуллаев (ўйиндан кейин).