Клуб янгиликлари

Чераннинг ажойиб голи "Пахтакор" ютуғини таъминлади

Клуб янгиликлари

Суперлига 12-турида "Шерлар" Тошкентда "Сурхон" устидан кичик ҳисобда зафар қучди.

Максим Шацких таркибда охирги пайтларда ўйнаб келаётган футболчиларга ишонч билдирди. Биринчи бўлимда меҳмонлар ҳар бир вазиятда имкон қадар босим ўтказиб, жамоамизга тўпни эркин қабул қилиб олишга халал беришга интилишди. Рақибнинг икки ҳужуми хавфли тус олди. Жумаевнинг зарбасидан кейин тўп устунга тегиб қайтган бўлса, Сокалнинг уринишини Қувватов бартараф этишга эришди. "Шерлар"да эса икки аниқ зарба кузатилди. Ҳамдамов ва Турғунбоевнинг ҳаракатларидан кейин Потапов тўпни қайтариб юборди. Айниқса, Азизнинг зарбаси дарвоза юқорисига қараб кетаётган ҳолатда рақиб посбони муқаррар голга тўсқинлик қилди. Яна икки вазиятда Турғунбоев ва Сайфиев охирги паллада аниқ ўйнай олмади.

Иккинчи бўлимни фаол бошлаган жамоамиз 49-дақиқада қулай имкониятдан фойдалана олмади. Турғунбоев боши билан яқин масофадан ноаниқ зарба йўллади. Ҳеч қанча ўтмасдан Ҳамдамов тепган тўпни дарвозабон эгаллаб олди. 65-дақиқада Черан жарима майдонида тўпни ўзига тўғрилаб зарба йўллади, аммо мўлжалда озгина адашди. 68-дақиқада Азмиддинов тўп учун ўйнаган вазиятда ҳакам унга дастлаб қизил карточка кўрсатди, ВАР аралашувидан кейин қизилни сариққа алмаштирди. 75-дақиқада Черан ҳисобни очди. Собирхўжаевдан тўпни қабул қилиб олган Драган ҳимоячини ортда қолдириб, дарвозанинг юқори бурчагини ишғол қилди - 1:0. Салдан кейин Ҳамдамовнинг зарбаси унчалик кучли чиқмади. Беллашув сўнггида ҳимояда бехато ҳаракат қилган "Пахтакор" кичик ҳисобда ғалаба қозониб, чемпионлик сари интилишда давом этади.

"ПАХТАКОР" - "СУРХОН" - 1:0 (0:0)
29 май. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 808 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Каримов, А.Цапенко, Т.Гайнуллин, Х.Суюнбоев.
ВАР: Н.Қосимов.
АВАР: Р.Нугманов.
Назоратчи: М.Саидқосимов.
Комиссар: Д.Иброҳимов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Турсунов (Саитов, 58), Азмиддинов, Ҳамралиев, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Турғунбоев, Ҳамдамов, Черан.
"Сурхон": Потапов, Асқаров (Гасанов, 79), Ҳамиджонов, Пирмуҳаммедов (Абдусаломов, 61), Сокал, Турсунов (Жамалутдинов, 86), Шербўтаев, Нимели (Абдураҳимов, 86), Жумаев (Каримов, 86), Султонмуродов, Шайдулов.
Гол: Черан, 75 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Шербўтаев, 18. Азмиддинов, 70. Ҳамралиев, 90+3.