"Пахтакор" афсоналаридан бири Игорь Шквирин бугун 60 ёшга тўлди.
"Пахтакор" ва футболимиз афсоналаридан бири саналган, Ўзбекистон терма жамоаси ва “Пахтакор”да кўплаб голлари билан мухлислар меҳрини қозонган Игорь Шквирин юбилей таваллуд айёмини нишонламоқда. Футболчилик фаолиятини "Янгиер"да бошлаган Шквирин 1983 йил "Пахтакор"га кўчиб ўтган. Бошқа клубларга ўтган бўлса-да, кейинчалик 4 марта яна жамоамиз шарафини ҳимоя қилган. Клубимиз таркибида чемпионатларда жами 262 ўйинда майдонга тушиб, 136 гол муаллифига айланган. Яна 17 голни турли кубок баҳслари ва Осиё клублар мусобақасида урган. Бутун фаолиятида клублар ҳамда терма жамоамиз учун 302 тўп киритган!
"Пахтакор" билан Ўзбекистон, "Днепр" билан СССР, "Паханг" билан Малайзия, "Мохан Баган" билан Ҳиндистон чемпионига айланган. 1994 йил Осиё ўйинларида мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида терма жамоамиз билан ғолибликни қўлга киритган. 1994 йил Ўзбекистонда энг яхши футболчи, 2009 йил эса йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган. СССР 1-лигаси, Ўзбекистон чемпионати ва Ҳиндистон чемпионати тўпурарига айланган.
Ажойиб фаолияти билан бугунги ҳужумчиларга ўрнак бўла оладиган Игорь Анатольевични 60 йиллик юбилейи билан табриклаб, унга соғлиқ, узоқ умр, бахт ва янги зафарлар тилаб қоламиз.