Футбол миллионлаб инсонларнинг севимли ўйини ҳисобланади. Бу спорт тури турли ёш тоифасида, мактаб ўқувчиларидан фахрийлар орасигача машҳур. Юртимизда футбол соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янги ислоҳотлар ижобий натижалар келтирмоқда. Бу эса ушбу спорт тури ривожланишида яхши кўмак саналади.
Спортни аҳоли орасида тарғиб қилиш ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Жума куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган 52-сонли махсус эҳтиёжли болалар учун ихтисослаштирилган мактабда спорт тадбири ўтказилди.
Унда ЎФА, "Пахтакор" футбол клуби вакиллари, "Пахтакор" аёллар жамоаси, яқинда 20 ёшлилар ўртасида Осиё чемпионларига айланган Отабек Боймуродов, Аббос Файзуллаев, Абубакир Ашуров ҳам иштирок этишди.
Спорт бу мактаб ўқувчилари ҳаётининг ажралмас қисми саналишини таъкидлаш лозим. Мактаб ўқувчилари орасида махсус Олимпиада ғолиблари ва совриндорлари бор. Меҳмонлар ёш таэквондочи ва гимнастикачиларнинг кўргазмали чиқишлари гувоҳи бўлишди. Футболчиларимиз болалар учун маҳорат сабоқлари кўрсатишди, улар билан бирга футбол ўйнаб, спорт эстафетасида иштирок этдилар.
Тадбир якунида ЎФА ва "Пахтакор" футбол клуби вакиллари болаларга спорт кийимлари ва инвентарлари, телевизор совға қилишди. Ўқувчилар ўз навбатида меҳмонларга ўз қўллари билан тайёрлаган эсдалик сувенирлар тақдим этишди.
"Пахтакор" футбол клуби доимий тарзда шундай ижтимоий лойиҳалар ва тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Конституция бўйича ўтказиладиган референдум бўсағасида бундай тадбирнинг бир қисми бўлишдан хурсандмиз.