Футбол мактаблари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган Тошкент шаҳар чемпионатида ғолиблар номи маълум бўлди.
2007 йилда таваллуд топган тарбияланувчилар Шуҳрат Бўриев бошчилигида шаҳар чемпионларига айланишди. Бу жамоа 20 ўйинда 49 очко тўплаган ҳолда ушбу ёш тоифасида энг кучли эканини исботлади.
2008 йилда туғилган футболчилар чемпионатида Бобур Абдураҳмонов қўл остида мусобақада иштирок этган "Пахтакор-Б" жамоаси 42 очко жамғариб, энг яқин таъқибчини 6 очкога ортда қолдиришга эришди.
2009 йил жамоаси эса Азиз Талхатов бошчилигида 2-ўринни эгаллади. 2010 йилги тарбияланувчилари эса уч жамоа билан иштирок этган ҳолда совринли поғоналарни ўзиники қилиб олишди. "Пахтакор-А" ўз гуруҳида, "Пахтакор-Б" эса ўз гуруҳида пешқадамликни қўлга киритди. "Пахтакор-С" жамоаси сафида бир ёш кичик ўйинчилар ҳаракат қилган бўлишига қарамай, улар 3-поғонани эгаллашди.
Шаҳар чемпионатида умумжамоа кўрсаткичлари бўйича "Пахтакор" академияси биринчи ўринга сазовор бўлди.
2007 йил жамоаси ЎФА Кубогида ҳам ғолибга айланган. 2008 йил тарбияланувчилари ЎФА Кубогида кумуш медалларга эга чиқишди. Ушбу икки ёш тоифаси жамоалари шаҳар терма жамоаси таркибида мамлакат чемпионатида ғолиб бўлишди.
Академия жамоаларининг ушбу муваффақиятли натижалари "Пахтакор"дан келажакда ҳам футбол юлдузлари етишиб чиқиш ишлари тизимли асосда давом этишини билдиради. Академия тизимида меҳнат қилаётган мураббийлар ва ходимларнинг ўз ишига жонкуярлик билан қараши ижобий натижаларга эришишга ёрдам бермоқда.