"Пахтакор" футбол клуби вакиллари ҳар йилгидек мавсумнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида энг кўп эътироф этилишди.
Драган Черан Суперлигада кетма-кет тўртинчи бор тўпурарга айланди. Шунингдек, Суперлигада йилнинг энг яхши футболчисига аталган соврин ҳам Драганга насиб этди. У 20 голи билан чемпионликка катта ҳисса қўшди.
Аббос Файзуллаев эса энг ёш юлдуз совринига эга чиқди. "Шерлар" сафида у йил давомида 11 гол уриб, 3 марта голли узатмалар соҳибига айланди.
"Пахтакор" футбол академияси мураббийи Фарҳод Нишонов йилнинг энг яхши ёшлар мураббийи деб топилди. У Ўзбекистон ёшлар термаси жамоаси билан турли мусобақаларда ижобий натижа қайд этиб келмоқда.
Фарруҳ Сайфиев, Сардор Собирхўжаев ва Драган Черан Суперлиганинг рамзий жамоаси сафидан ўрин олишди. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких эса рамзий жамоа бош мураббийи сифатида эътироф этилди.