"Пахтакор" Суперлига 26-турида "Бунёдкор"дан устун келиб, Ўзбекистоннинг 15 карра чемпиони сифатида тарихга кирди.
Ўйинни тезкор ҳужумлар билан бошлаган "Шерлар" рақиб дарвозаси олдида кескин вазиятлар юзага келтиришди. 4-дақиқада Файзуллаевнинг аниқ зарбасидан сўнг тўпни Султонов қайтариб юборди. 14-дақиқада уюштирилган ҳужум Чераннинг голи билан якунланди. Сайфиевнинг қанотдан жарима майдонига узатган тўпини Драган боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди - 0:1. Навбатдаги ҳужумда ҳам "Шерлар" гол уришди. Бу сафар қарши ҳужумда Ҳамдамов-Файзуллаев-Турғунбоев ижросидаги комбинацияни Азиз муваффақиятли тугатди. Яқин масофадан аниқ зарба берган ярим ҳимоячи орадаги фарқни оширди - 0:2. Биринчи бўлимда Черан ва Насоновнинг аниқ уринишларидан кейин рақиблар дарвозага кетаётган тўпни қайтариб юборишди. "Бунёдкор"нинг ягона кескин ҳужумида Побуличнинг зарбаси ноаниқ чиқди.
Иккинчи бўлимда жамоамиз ўйин суръатини хотиржам назорат қилишга интилди ва буни уддалади. Рақиб дарвозамиз олдида голли вазиятларни содир эта олмади. Бир неча тезкор ҳужумларимизга эса охирги зарба ёки ҳал қилувчи узатма етишмай қолди. Тошкент дербисида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган "Пахтакор" 15-бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Эндиликда клуб логотипи юқори қисмида бу чемпионликларни ифодаловчи уч юлдуз мавжуд. "Пахтакор" - чемпион!
"БУНЁДКОР" - "ПАХТАКОР" - 0:2 (0:2)
12 ноябрь. Тошкент. "Жар" стадиони. 7614 томошабин.
"Бунёдкор": Султонов, Маҳаммаджонов, Эргашев, Ўлмасалиев, Нарх, Побулич (Каримов, 55), Ҳакимов (Ўткиров, 67), Могилевец (Омоналиев, 46), Олимжонов (Исмоналиев, 22), Раҳмоналиев, Ўрозов (Ёқубов, 46).
"Пахтакор": Суюнов, Насонов, Азмиддинов, Турсунов, Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Турғунбоев (Алибоев, 77), Ҳамдамов (Алижонов, 85), Файзуллаев, Черан.
Голлар: Черан, 14 - 0:1. Турғунбоев, 16 - 0:2.
Огоҳлантиришлар: Маҳаммаджонов, 18. Эргашев, 56. Сайфиев, 75. Ўлмасалиев, 76. Ёқубов, 79. Азмиддинов, 90+4.
Четлатиш: Омоналиев, 82.