"Пахтакор" Суперлига 22-турида "Қўқон-1912" билан голларга бой кечган беллашувда 5:2 ҳисобида зафар қучди.
Биринчи бўлимда ташаббус тўлиғича жамоамиз тарафида бўлди, аммо рақиб икки марта ҳужумга ўтди ва уларнинг ҳар иккисида ҳам олис масофадан дарвозани ишғол қилишга эришди. Дастлабки дақиқаларда Черан ва Ҳамдамовнинг аниқ зарбаларидан кейин рақиб посбони тўпни қайтариб юборди. Файзуллаев эса деярли яккама-якка вазиятда ноаниқ зарба йўллади. 29-дақиқада меҳмонлар ҳисобни очишди. Сидиқов тезкор қарши ҳужумда 23 метрлардан тўпни ерлатиб дарвозага йўллади - 0:1. Шундан кейин олдинга ташланган жамоамиз қисқа фурсатда ҳисобни ижобий кўринишга келтирди. Ҳар икки гол Черан ҳисобига ёзилди. Биринчи голда у дарвозабоннинг тўпни қайтаришдаги хатосидан унумли фойдаланди. Файзуллаевнинг зарбасини посбон қайтарда ва Драган гол муаллифига айланди. Иккинчи ҳолатда эса Сайфиев тўпни Черанга қулай етказиб берди. Драган яқин масофадан аниқ зарба йўллади. Кейинроқ Турсунов тепган тўп устунга тегиб қайтди. "Қўқон-1912" қўшиб берилган дақиқаларда мувозанатни тиклади. Рустамов бу сафар янада узоқроқ масофадан гол урди. 27 метрлардан тепилган тўп дарвозанинг юқори бурчагидан ўрин олди - 2:2.
Иккинчи бўлим бошидан ҳужумларда кескинликни оширган жамоамиз 15 дақиқа ичида 2 тўп киритди. Сайфиевнинг узатмасидан кейин Черан боши билан гол уриб, хет-трикини нишонлади. 60-дақиқада Турғунбоевдан тўпни қабул қилиб олган Собирхўжаев жарима майдонига кирмасдан дарвозага зарба йўллади ва орадаги фарқни оширди - 4:2. 78-дақиқада Черан покерини нишонлади. Турғунбоевга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан у унумли фойдаланди. Йирик ҳисобдаги ютуқдан кейин жамоамиз чемпионлик учун курашни давом эттиради.
"ПАХТАКОР" - "ҚЎҚОН-1912" - 5:2 (2:2)
18 октябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони.
Ҳакамлар: Р.Абдувоҳидов, Б.Шавкатов, О.Каллахўжаев, Ф.Янсупов.
Назоратчи: М.Исмоилов.
Комиссар: М.Содиқ-Охунов.
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Турсунов, Азмиддинов, Сайфиев, Ҳамробеков (Холматов, 90+2), Собирхўжаев (Асқаров, 83), Файзуллаев (Алибоев, 70), Ҳамдамов, Турғунбоев, Черан.
"Қўқон-1912": И.Абдуллаев, Лукич, Сидиқов, Норбеков, Азимов, Рустамов, Рўзиев, Мерзляков (Ваҳобов, 46), Йосович (Маматхўжаев, 26; Шихов, 55), Тошмирзаев (Раҳматуллаев, 55), Холмуҳаммедов.
Голлар: Сидиқов, 29 - 0:1. Черан, 35 - 1:1. Черан, 39 - 2:1. Рустамов, 45+2 - 2:2. Черан, 50 - 3:2. Собирхўжаев, 60 - 4:2. Черан, 78-пен - 5:2.
Огоҳлантириш: Лукич, 40. Ваҳобов, 58. Ҳожимирзаев, 89.