Ҳар икки жамоа ўртасидаги тўқнашувлар охирги йилларда кескин ўтмоқда. Ҳар бир баҳс мухлисларга шиддатли тўқнашувни тақдим этиб келади. Бу сафарги ўйин арафасида жамоалар бир хил очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида пешқадамлик қилишмоқда. Ғолиб якка пешқадамга айланиш имкониятига эга бўлади.
Беллашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, чемпионатларда жамоалар жами 51 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 30тасида "Пахтакор" зафар қучган бўлса, 11 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Қаршиликлар эса 10 ўйинда ғалаба қозонишган. Рақиб дарвозасини 78 бор ишғол қилган жамоамиз дарвозасидан 46 гол ўтказиб юборган.
Тошкентдаги беллашувларда жамоамиз 20 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган. "Насаф" Тошкентда ягона ютуғини 2001 йил қўлга киритган. Охирги марта 2016 йил Қарши жамоаси сафарда очкога эга чиққан. Тошкентдаги баҳсларда "Шерлар" 47 гол уриб, 13 тўп ўтказишган.
"Пахтакор"ва"Насаф" жамоалари ўртасидаги беллашув 2 октябрь, якшанба куни «Пахтакор» стадионда соат 18:00да бошланади.