"Металлург" билан Қибрайдаги базамизда назорат ўйини ташкил қилинди. 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинимиздан сўнг Муҳаммадали Ўринбоевга микрофон тутдик.
- Бу ўйин мен учун бошланғич таркибда тушганим билан аҳамиятли бўлди. Кўплаб акаларим терма жамоаларга кетганлиги учун назорат учрашувидаги имконият мени хурсанд қилди. Қанча кўп ўйинларда майдонга тушсам, табиийки, шунча кўп тажрибам ошиб бораверади. Қувонарлиси шундаки, бу ерда катта футболчилар менга рақобатчи сифатида эмас, укага қарагандек муносабатдалар. Шунинг учун ҳам бугунги ўйинда қийналмадим", - дейди 17 ёшли футболчи.
- ФИФА кунлари ҳам ўз якунига етди, олдинда Сизларни муҳим баҳслар кутиб турибди...
- Тўғри айтасиз, чемпионатда "Насаф"га қарши "олтин" ўйинлардан бири бизни кутиб турибди. "Металлург" билан ҳам айнан шунинг учун баҳс ўтказдик. Чемпионликни мақсад қилган жамоа фақат ғалаба ҳақида ўйлаши керак. Бу йилги чемпионатдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳали қизиқарли ва кучли ўйинлар олдинда деб айтишим мумкин.
- Аввалги мавсумларга қараганда бу йил кўпроқ ўйин амалиётига эга бўляпсиз?
- Суперлигада дебют голимни шу мавсумда уришни истайман. Менга ишонч билдираётган Максим Александровичга катта раҳмат айтаман. Умуман олганда, "Пахтакор"га келиб ёмон мураббийларга дуч келмаганман. Ҳар бир қадамимда уларнинг меҳнати ётибди. Олдимизда 7та ўйин қолди, мана шу ўйинларда ҳам майдонга тушиб жамоамизга фойда келтириш ҳақида ўйлаяпман.