Клуб янгиликлари

Олмалиқда ишончли ғалаба

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" Суперлига 19-турида Олмалиқда АГМКдан 2:0 ҳисобида устун келди.

Бошланғич таркиб худди аввалги ўйиндагидек кўриниш олди. Ҳар икки жамоа биринчи бўлимда бир-бирига босим ўтказишга уринди, тўп билан позицион ҳужум бошлашда жамоаларда кўплаб хатолар учради. Мезбонлардан Турсуновнинг зарбаси ноаниқ чиққан бўлса, Мираҳмадов икки ҳолатда зарба беришга улгурмади. "Шерлар"дан Черан ва Азмиддиновнинг хавфли зарбаларини майдон эгалари бартараф этишди.

Иккинчи бўлим бошидан Аъзамов ва Насонов майдонга туширилди. Улар тўпни хотиржам назорат қилиб, ҳужум бошлашда фаоллик кўрсатишди. Шу сабабли жамоамизнинг ҳужумдаги имкониятлари ошиб борди. Бу эса 54-дақиқада ҳисоб очилишини таъминлади. Турғунбоев бошлаган ҳужумни Собирхўжаев давом эттириб, уч рақибни алдаб ўтиб, дарвозага зарба берди. Посбон қайтарган тўпни дарвозага йўллашга уринган Турғунбоевга ҳимоячи халал берди. Алижонов эса ўзига келиб тушган тўпни яқин масофадан дарвозага тепиб қўйди ва Суперлигада кетма-кет учинчи ўйинда голда бевосита иштирок этди. Шундан сўнг мезбонлар олдинга ўтишга интилишди. Раҳмонов ва Боакйэнинг қулай вазиятдан уринишлари бартараф этилди. 85-дақиқада Черан ўйин тақдирини ҳал қилган голни урди. Ҳимояда узатма беришда йўл қўйилган хатодан кейин тўпни ҳимоячидан олиб қўйган Драган яккама-якка ҳолатдан хотиржамлик билан унумли фойдаланди - 0:2. Охирги дақиқаларда Чераннинг яна бир аниқ зарбасини мезбонлар посбони қайтарди. Олмалиқдаги 2:0 ҳисобидаги ютуқдан сўнг "Пахтакор" чемпионлик учун курашни давом эттирмоқда.

АГМК - "ПАХТАКОР" - 0:2 (0:0)
15 сентябрь. Олмалиқ. ОКМК стадиони.
Ҳакамлар: А.Рисқуллаев, Р.Нугмонов, А.Сидоров, Д.Мирзараимов.
Назоратчи: В.Коваленко. 
Комиссар: Саид Шохруҳ.
АГМК: Эргашев, Комилов (Спатару, 73), Раҳмонов, Исмоилов, Аҳмадалиев, Абдуллаев (Гадоев, 73), Ғиёсов (Жалилов, 82), Папава, Турсунов (Қосимов, 87), Ҳақназарий, Мираҳмадов (Боакйэ, 46).
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Азмиддинов, Мартинович (Насонов, 46), Сайфиев, Ҳамробеков, Собирхўжаев, Ҳамдамов (Аъзамов, 46), Черан (Холматов, 90+4), Турғунбоев (Файзуллаев, 68), Банашак (Жабборов, 86).
Голлар: Алижонов, 54 - 0:1. Черан, 85 - 0:2.
Огоҳлантиришлар: Алижонов, 52. Абдуллаев, 66. Сайфиев, 89.