Суперлига 17-турида "Пахтакор" Наманганда "Навбаҳор"га қарши ўйнайди.
"Пахтакор"дан Икром Алибоев дисквалификация туфайли мазкур беллашувда майдонга туша олмайди. Ушбу жамоалар чемпионатлар доирасида барча мавсумларда иштирок этиб келишмоқда. Юқори лигада энг кўп тўқнашувлар шу икки клуб ўртасида кузатилган.
Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатларда 63 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол "Шерлар" тарафида. 39 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 11 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва 13 марта имкониятни бой берган. "Навбаҳор" дарвозасига 104 гол урилиб, 48 тўп ўтказиб юборилган. 9 баҳсда "Шерлар" йирик ҳисобда устун келишган. Айни пайтгача Наманганда бўлиб ўтган 31 баҳснинг 13тасида жамоамиз зафар қучган бўлса, 6 ўйин дуранг билан тугаган. Қолган 12 учрашув рақиб ғалабаси билан якунланган. Наманганда "Пахтакор" 36 тўп киритиб, 29 гол ўтказиб юборган. Ўтган йилги беллашувда жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб - 7:0. Ушбу ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.
“Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйин 28 август, якшанба куни 19:00да Намангандаги "Марказий" стадионда бошланади.