Суперлига 15-турида чемпионатнинг мумтоз тўқнашувида "Пахтакор" Яйпанда "Нефтчи"дан устун келди.
Биринчи бўлимда ўйин суръатини жамоамиз назорат қилди ва кўплаб голли вазиятларни яратди. Ҳамдамов, Алижонов ва Чераннинг қулай ҳолатларда тепган тўплари ноаниқ чиққан бўлса, Алибоевнинг уринишидан кейин мезбонлар посбони тўпни қайтарди. 29-дақиқада "Шерлар" ҳисобни очишди. Банашак жарима майдонида тўпни Собирхўжаевга қолдирди. Сардор чап оёғида кучли зарба йўллади ва ҳисобни очди. "Нефтчи"дан бўлимда Қиличевнинг зарбаси ҳамда пенальти ёдда қолди. Ҳар икки вазиятда Қувватов тўпни қайтариб қолди. Пенальти тепилган ҳолатда Санжар бурчакка пастлатиб йўлланган тўпни қайтаришга эришди.
Иккинчи бўлимда ўйинда кескинлик ошди. 68-дақиқада мезбонлар сафида захирадан туширилган Абдуллажонов жуда қўпол ўйнагани сабабли майдондан четлатилди. 72-дақиқада Черан орадаги фарқни ошириб, Суперлига рекордчисига айланди. Собирхўжаевнинг узатмасидан сўнг дарвозани ишғол қилган Драганнинг чемпионатимизда урган голлари сони 106тага етди. У бу борада рекордчи бўлган Артур Геворкянни ортда қолдирди. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади. "Пахтакор" азалий рақиби "Нефтчи" устидан муҳим ютуқни қўлга киритди.
"НЕФТЧИ" - "ПАХТАКОР" - 0:2 (0:1)
12 август. Яйпан. "Ўзбекистон" стадиони.
Ҳакамлар: И.Танташев, З.Элибоев, Ф.Усмонов, А.Тўхтасинов.
ВАР: А.Худойберганов.
АВАР: М.Нехочин.
Назоратчи: Д.Роман.
Комиссар: Ш.Ражабов.
"Нефтчи": Конюхов, Мишенко, Қўзиев (Абдуллаев, 46), Қиличев (Мусаев, 62), Тўраев, Ғофуров, Қуттибоев, Адҳамзода, Ларин, Убайдуллаев (Олимов, 83), Ҳошимов (Абдуллажонов, 46).
"Пахтакор": Қувватов, Алижонов, Насонов, Мартинович, Сайфиев, Алибоев (Холматов, 75), Собирхўжаев, Ҳамдамов (Ўринбоев, 88), Черан, Турғунбоев (Файзуллаев, 75), Банашак.
Голлар: Собирхўжаев, 29 - 0:1. Черан, 72 - 0:2.
Огоҳлантиришлар: Қуттибоев, 5. Қиличев, 24.
Четлатиш: Абдуллажонов, 68.