Суперлиганинг 11-тур қолдирилган ўйинида жамоамиз Жиззахда "Сўғдиёна" меҳмони бўлади.
Айни пайтда Суперлигада юқори поғоналарда бораётган жамоалар - "Сўғдиёна" ва "Пахтакор"нинг ўзаро тўқнашуви энг аҳамиятли беллашувлардан бирини тақдим этади. Ғалаба қозонган клуб турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб олиш имкониятига эга. Шу сабабли мазкур баҳснинг кескин кечишини кутиш мумкин. Жамоалар сафида дисквалификацияга учраган футболчилар йўқ.
Миллий чемпионатлар доирасида ўзаро 52 учрашув бўлиб ўтган. 41 беллашувда жамоамиз ғалабага эришган бўлса, 5та ўйинда дуранг қайд этилган ва 6 баҳсда рақибнинг ғалабаси қайд этилган. 125 гол урган "Шерлар" ўз дарвозасидан 40 тўп ўтказиб юборишган. "Пахтакор"нинг энг йирик ғалабалари 6:1 ва 5:0 ҳисобларида кузатилган. Жиззахдаги ўйинларнинг 18тасида "Пахтакор" муваффақиятга эришган. Беш марта мезбонларнинг қўли баланд келган ва уч бор дуранг натижа қайд этилган.
"Сўғдиёна" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин 6 август, шанба куни соат 19:00да "Сўғдиёна" стадионида бошланади.