Максим Шацких "Пахтакор" бош мураббийи сифатида Суперлигада дебютини ғалаба билан нишонлади.
Мураббий ёзги трансферлар ойнасида жамоамизга келиб қўшилган футболчилардан уч нафарини асосий таркибда туширди. Мартинович, Банашак ва Ҳамдамов баҳсни дастлабки дақиқалардан бошлашди. Дарвоза томон илк аниқ зарба 4-дақиқада берилди. Дарвозабон билан яккама-якка чиққан Банашакнинг зарбасидан сўнг тўпни рақиб посбони қайтарди. "Динамо"нинг биринчи зарбаси гол билан якунланди. 19-дақиқада Суюнов билан бирга-бир қолган Бикмаев дарвозани ишғол қилди - 0:1. Шундан кейин тўлиқ ташаббусга эришган "Шерлар" бўлим охиригача ҳисобда олдинга ўтиб олишди. 29-дақиқада Алибоевнинг ажойиб узатмасидан сўнг Ҳамдамов жарима майдони ичида тўпни тўхтатиб олиб, яқин бурчакка тўпни киритди. Иккинчи голга қадар Ҳамдамовнинг икки вазиятдаги фаоллиги фойда келтирмади. Қўшиб берилган биринчи дақиқада Банашак ҳимоячидан ўтиб кетиб, тўпни Черанга оширди. Драган яқин масофадан дарвозага гол урди - 2:1.
Иккинчи бўлимни ҳам жамоамиз фаол бошлади, аммо дарвоза ёнида юзага келтирилган кескин вазиятлар дарвозага зарба бериш билан тугамади. 70-дақиқада ҳакам ВАРни кўргач, дарвозамизга пенальти белгилади. Ундан Бикмаев фойдаланиб, мувозанатни тиклади. Янада шиддат билан олдинга ташланган "Шерлар" 80-дақиқада олдинга чиқишди. Файзуллаевнинг зарбасини дарвозабон қайтаргач, Банашак тўпга биринчи бўлиб етиб борди ва ўзининг дебют голини уришга эришди - 3:2. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади ва "Пахтакор" Максим Шацких қўл остида биринчи ютуғини қўлга киритди.
"ПАХТАКОР" - "ДИНАМО" - 3:2 (2:1)
1 август. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 1057 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов, Ш.Аъзамов, Ш.Йўлдошев, Д.Мирзараимов.
VAR ҳаками: А.Нажафалиев.
Назоратчи: Б.Ҳайдаров.
Комиссар: А.Файзиев.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Мартинович, Сайфиев, Ҳамробеков, Алибоев, Собирхўжаев (Файзуллаев, 70), Черан, Ҳамдамов (Ўринбоев, 90+2), Турғунбоев (Файзуллаев, 79), Банашак.
"Динамо": Прекович, Йўлдошев, Абдураҳмонов, Маннонов, Бойдуллаев, Жумаев, Маҳмудҳожиев (Комилов, 70), Бикмаев (Алимов, 90+3), Раҳматов, Григалашвили, Чумак (Йўлдошев, 90).
Голлар: Бикмаев, 19 - 0:1. Ҳамдамов, 29 - 1:1. Черан, 45+1 - 2:1. Бикмаев, 71-пен - 2:2. Банашак, 80 - 3:2.
Огоҳлантиришлар: Банашак, 22. Григалашвили, 40. Алибоев, 43. Бойдуллаев, 55. Жумаев, 90+2.