Ушбу ўйинда ҳам Славче Войнески футболчилар позицияси борасида ўзгаришларга қўл урди. Одил Ҳамробеков ҳимоя марказида Шерзод Аъзамов билан тандем ҳосил қилди. Баҳсни жамоамиз ҳужумкор бошлади. 6-дақиқада Аъзамовнинг зарбасига аниқлик етишмади. 12-дақиқада эса Турғунбоев қанотдан оширилган тўпни боши билан дарвозага ноаниқ йўллади. 16-дақиқада Собирхўжаевнинг ажойиб узатмасидан кейин рақиб посбони билан яккама-якка чиққан Турғунбоевнинг зарбасини дарвозабон қайтариб юборди. Мезбонларнинг 20-дақиқадаги ҳужуми хавфли чиқиб, Аъзамов рақиб ҳужумчиси Ўринбоевнинг зарба беришига йўл қўймади. Биринчи бўлимнинг иккинчи қисми анча сокин кечиб, кескин вазиятлар юзага келмади.
Иккинчи бўлимни фаол бошлаган жамоамиз кетма-кет кескин ҳужумлар уюштиришга тушди. 56-дақиқада Чераннинг пасидан сўнг дарвозабон билан бирга-бир чиқиб борган Файзуллаевнинг зарбасини Лобанов бартараф қилди. 65-дақиқада ҳисоб очилди. Сайфиевнинг қанотдан оширган тўпини Турғунбоев боши билан дарвозага йўллади - 0:1. Бу жамоамизнинг Ўзбекистон чемпионатидаги юбилей 2000-голига айланди. Орадан икки дақиқа ўтгач, ҳимоячилар тўпни қайтаришда йўл қўйган хатодан Файзуллаев унумли фойдаланди - 0:2.
"МЕТАЛЛУРГ" - "ПАХТАКОР" - 0:2 (0:0)
4 июль. Бекобод. "Металлург" стадиони. 3210 томошабин.
Ҳакамлар: Э.Турсунов, А.Калинин, Э.Дониёров, Л.Долимов.
ВАР: А.Нажафалиев.
АВАР: З.Абдураҳмонов.
Назоратчи: К.Смирнов.
Комиссар: Ж.Раҳматуллаев.
"Металлург": Лобанов, Сатторов, Қуттибоев, Ўринбоев, Темиров, Тошқўзиев (Исмоилов, 80), Мусаев (Холтўраев, 80), Ғофурбеков, Неъматжонов (Исоқжонов, 55), Иброҳимов (Тошпўлатов, 46), Бекмуродов.
"Пахтакор": Суюнов, Алижонов, Ҳамробеков, Аъзамов, Сайфиев, Алибоев, Собирхўжаев, Файзуллаев (Ўринбоев, 90+1), Холматов (Турдимуродов, 85), Турғунбоев, Черан.
Голлар: Турғунбоев, 65 - 0:1. Файзуллаев, 67 - 0:2.
Огоҳлантиришлар: Файзуллаев, 26. Ўринбоев, 63. Қуттибоев, 72. Холматов, 85. Собирхўжаев, 88.