"Сўғдиёна" билан ўйиндан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи беллашув ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
Жасур АБДУРАИМОВ (“Пахтакор” бош мураббийи): - Учрашув жуда асабий ва кескин ўтди. Муҳими, беллашув биз учун яхши якунланди. Ҳимоядан ҳужумга тезкор ўтишда вазиятларни юзага келтирдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Кейин рақиб буни жазолади. Шунга қарамай, Кубокдаги мағлубиятдан сўнг руҳий ўрадан чиқа олдик. Бугун 0:1 ва 2:2 натижаларида қийин аҳволга барҳам бердик. Йигитлар курашчан характерларини кўрсатишди.
Бизда таркиб борасида катта муаммо мавжуд. Бир хил таркиб учрашувларда кетма-кет майдонга тушаверса, бу чарчоқни келтириб чиқаради. Европада ҳам кучли клублар тез-тез ротацияларни амалга оширади. Бизда 12-13 ўйинчи барча беллашувларда тушмоқда. Жисмоний чарчоқдан тикланиш мумкин, аммо руҳан жуда қийин бўлади. Ушбу таркиб декабрь ойидан бери назорат учрашувларида ўйнаб келмоқда. Шу сабабли йигитлардан миннатдорман.